Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дори сотиб олиш учун рецептни қандай олиш мумкин?
Фото: Getty images
Ўзбекистонда 2025 йил 10 декабрдан дорихоналар ва тиббиёт муассасаларида «Электрон рецепт» тизими жорий этила бошланди. Биз дори сотиб олиш учун янги ҳаракатлар тартибини ишлаб чиқдик ва Тошкент шаҳри Юнусобод тумани марказий кўп тармоқли поликлиникаси мудираси Диёра Отажоновадан дори воситалари учун ҳар сафар рецепт олиш керакми-йўқми, электрон рецепт қандай берилиши ҳақида сўрадик.
Диёра Отажонова, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги электрон рецептлар бўйича эксперт комиссияси аъзоси ҳисобланади.
Қайси дорилар рецепт бўйича?
Дорихонага боришдан олдин дори рецепт билан ёки рецептсиз сотилишини аниқлаш керак. Буни қуйидагича билиш мумкин:
- my.gov — Рецепт билан ёки рецептсиз сотиладиган дорилар ҳақида маълумот бериш хизмати
- Дори қутисида/йўриқномасида
- Google, Яндекс ва бошқа қидирув тизимлари орқали
- Дорихонага қўнғироқ қилиб
- Дорихонанинг ўзида
- Дори воситалари ва тиббий жиҳозлар давлат реестрида
Диёра Отажонованинг сўзларига кўра:
«Рецепт талаб этилмайдиган дори воситалари рўйхатига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган барча препаратлар киритилган. Масалан, агар тана ҳарорати кўтарилса, дорихона ходими рецептсиз иситма туширувчи дори беради».
Кимдир касал бўлганида, барибир шифокор қабулига бориш ёки (агар касаллик сабабли уйдан чиқиш қийин бўлса) поликлиникадан терапевтни уйга чақириш ҳақида ўйлаб кўриш лозим. Уйга чақириш имкониятини тиббий картангиз бириктирилган поликлиника телефон рақами орқали аниқлаб олинг.
Агар дори рецепт билан бериладиган бўлса, рецептни шифокор қабулида олиш мумкин.
Шифокор қабулига ёзилиш
Шифокор қабулига қуйидаги усуллар орқали ёзилиш мумкин:
- Поликлиникага қўнғироқ қилиб
- My.gov (фақат терапевтга)
- DMED мобил иловаси
- Қабулхонада навбат олиб
Шифокор иш вақтини олдиндан аниқлаб олинг.
Давлат муассасалари шифокорлари кўпинча куннинг биринчи ёки иккинчи ярмида қабул қилишади.
DMED орқали шифокор қабулига ёзилиш
DMED иловаси ҳозирча тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Қабул вақтини шифокордан аниқлаб олган маъқул.
DMED мобил иловаси — бу беморларнинг электрон тиббий картаси юритиладиган ва шифокор қабулига ёзилиш имконини берувчи тизим.
Ушбу илова орқали шифокор қабулига ёзилиш учун:
1. Google Play ёки AppStore орқали иловани ўрнатинг.
ЖШШИР + Face ID ёки паспорт рақами + телефон рақами орқали иловага киринг.
Тиббий картангизни кўришингиз мумкин.
Қабулга ёзилинг.
Шифокор қабулига ёзилиш учун:
Қабулга ёзилиш→ Плюс → керакли муассаса ва шифокорни танланг (Ҳозирча барча шифокорлар киритилмаган) → керакли сана ва вақтни танланг → Ёзилиш.
Оилавий терапевт қабулига ёзилиш учун:
Терапевт исм-шарифи → Ёзилиш→ керакли сана ва вақтни танланг → Ёзилиш.
DMED профилингизда қабулингиз кўриниб туради.
Давлат хизматлари орқали шифокор қабулига ёзилиш
Давлат хизматлари орқали оилавий терапевт қабулига ёзилиш мумкин. Бунинг учун:
Профилингизга киринг
Шифокор қабулига ёзилиш хизматини топинг ёки Менинг саломатлигим бўлимини очинг.
1. Қабул учун керакли сана ва вақтни танланг
Ёзилиш тугмасини босинг. Қабулга ёзилиш талонини кўчириб олишингиз мумкин. У my.gov ва DMED орқали кўриниб туради.
Шифокор рецептни қандай ёзади
Рецепт ёзиш учун шифокор беморни кўрикдан ўтказади ва қайси дорилар қанча миқдорда кераклигини белгилайди.
Диёра Отажонованинг сўзларига кўра:
«Дорихонада олиш мумкин бўлган дори воситалари миқдори шифокор тайинловига боғлиқ. Шифокор кун давомида дори қабул қилишлар сони, дозаси, қўллаш усули ва қабул қилиш муддатини белгилайди».
Шифокор заруриятга қараб QR-кодли электрон рецепт ёзади.
Дори қандай сотиб олинади
Рецептингиз DMED иловаси ёки my.gov нинг Менинг рецептларим бўлимида кўриниб туради.
Сиз QR-кодли рецептни олишингиз мумкин.
Электрон рецепт билан исталган дорихонага бориш ва дори харид қилиш мумкин.
Диёра Отажонованинг сўзларига кўра:
«Рецептда дори воситаларининг савдо номлари кўрсатилмайди. Дорихона ходимига фақат препаратнинг халқаро патентланмаган номи (ХПН) кўринади. Бу асосий фаол моддаси бир хил бўлган препаратни ўз хоҳишингизга кўра — нархи, ишлаб чиқарувчи мамлакати ва бошқа омиллар бўйича танлаш имконини беради».
ХПН (халқаро патентланмаган ном) – бу дори воситасидаги асосий препаратнинг номи.
ХПН бўйича қандай дорини қанча миқдорда, лекин рецептда кўрсатилганидан кўп бўлмаган миқдорда олишни ҳал қиласиз.
Диёра Отажонованинг сўзларига кўра:
«Рецептдаги барча дориларни бирданига сотиб олиш шарт эмас. Бир қисмини бир дорихонадан, қолганини бошқа дорихонадан сотиб олиш мумкин. Тизим қанча дори қолганини қайд этади».
Мисол
Шифокор 30 кунга 30 дона таблетка учун рецепт ёзди.
Дорихонадан 10 дона таблетка сотиб олинди.
Тизимда 20 дона таблетка қолади.
Бемор қолган қисмини шифокорга яна бормасдан исталган дорихонадан сотиб олиши мумкин.
Сурункали касалликларда нима қилиш керак
Сурункали касалликларга чалинган ва диспансер рўйхатда турадиган шахслар реимбурсатор рецепт олишлари мумкин.
Реимбурсация — сурункали касалликлари бўлган беморларни даволаш жамғармаси ҳисобидан дорихоналар орқали дори воситалари билан таъминлаш дастури.
Дастур 2020–2024 йилларда Сирдарё вилоятида амалга оширилган ва ҳозирда Тошкент шаҳрида жорий этилмоқда.
Диёра Отажонованинг сўзларига кўра:
«Рецепт кўпи билан 3 ой муддатга ёзиб берилади. Бемор аҳволини назорат қилиш учун бир ойда бир марта даволовчи шифокор билан алоқага чиқиш зарур. Бу — дори воситалари учун маблағ ажратадиган суғурта жамғармаси талаби».
Якун
Аксарият дори ва биринчи ёрдам ашёлари рецептсиз сотилади.
Шифокорга вақтида бориш керак. Боришга қийналсангиз, терапевтни уйга чақириш мумкин.
Рецептда дорининг савдо номи кўрсатилмайди.
Рецептдаги дориларни бўлиб-бўлиб исталган дорихонадан сотиб олиш мумкин.
Мавзуга оид
09:05 / 07.01.2026
Оҳангарон ва Қибрайда кучли дорилар ноқонуний муомаласига доир ҳолатлар аниқланди
15:22 / 06.01.2026
Оздирувчи укол ва дорилар: қачон истеъмол қилиш мумкин эмас?
11:07 / 25.12.2025
Тошкентда дори воситаларининг ноқонуний савдоси фош этилди
09:00 / 21.12.2025