Жаҳон | 22:43 / 08.01.2026
3978
2 дақиқада ўқилади

Ироқ «Лукойл»нинг энг йирик хорижий активини миллийлаштиради

Ироқ ҳукумати Россиянинг «Лукойл» компаниясига 75 фоиз тегишли бўлган ва унинг энг йирик хорижий активи ҳисобланган «Ғарбий Курна - 2» нефт конидаги операцияларни миллийлаштириш режасини маъқуллади.

Фото: Reuters

Reuters хабарига кўра, бир йил давомида конни бошқаришни Ироқнинг Basra Oil давлат компанияси ўз зиммасига олади, деб маълум қилди агентликка компаниянинг икки вакили. Шу тариқа, Ироқ расмийлари АҚШ «Лукойл»га қарши жорий этган санкциялар фонида мураккаб вазиятдан чиқиб кетмоқчи, деб таъкидлади Reuters.

«Бизнинг мақсадимиз - Ироқда АҚШ санкциялари билан боғлиқ ноаниқлик мавжуд бўлган пайтда ишлаб чиқаришнинг узлуксизлигини таъминлаш ва 12 ой давомида «Лукойл» улушига эҳтимолий харидорларни қидирамиз», деди улардан бири.

Basra Oil ушбу конни назоратига олгач, ишчиларга иш ҳақи тўлайди, пудратчилар меҳнатига ҳақ тўлайди ва бошқа операцион харажатларни ўз зиммасига олади, деди Reuters суҳбатдошларидан бири. Унинг сўзларига кўра, қазиб олиш кунига 465 - 480 минг баррел атрофида барқарор бўлиб қолмоқда.

«Ғарбий Курна - 2» - дунёдаги энг йирик нефт конларидан бири. У жаҳон нефт таъминотининг тахминан 0,5 фоизини ва Ироқдаги қазиб олишнинг 9 фоизини таъминлайди. «Лукойл» 2009 йилдан бери конни ўзлаштириш билан шуғулланади. 2014 йилдан бошлаб Россия компанияси у ерда тижорат мақсадларида нефт қазиб олишни бошлади.

Ноябр ойида «Лукойл» АҚШ санкциялари остига тушгач, конда форс-мажор ҳолатини эълон қилди. Энди «Лукойл» 17 январга қадар активларни сотиш бўйича битим тузиши керак. Reuters маълумотларига кўра, сотиб олишга ўнга яқин инвесторлар, жумладан, Американинг Exxon Mobil, Chevron нефт гигантлари ва Carlyle хусусий инвестиция компанияси қизиқиш билдирмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид