Жаҳон | 09:18
3470
3 дақиқада ўқилади

Трамп: Эрон раҳбарлари музокара олиб боришни истаяпти

АҚШ президентининг айтишича, оммавий норозиликлар фонида Эрон раҳбарияти Вашингтон билан боғланиб, музокара ўтказишни сўраган. “Учрашув ташкил этиляпти”, — деди Доналд Трамп. Теҳрон ҳозирча бу баёнотга изоҳ бермади.

Фото: Nathan Howard / Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон раҳбарияти ундан музокаралар ўтказишни сўраб, ўзига мурожаат қилганини билдирди. Оқ уй раҳбари бу ҳақда якшанба, 11 январ куни Air Force One самолёти бортида баёнот берди.

“Эрон раҳбарлари қўнғироқ қилди”, — деди Трамп ва “учрашув ташкил этиляпти”, деб қўшимча қилди. “Улар музокара олиб боришни истайди”, — деди у.

Бироқ Доналд Трамп “эҳтимол, учрашувга қадар биз ҳаракат қилишимизга тўғри келиши мумкин”, деб ҳам қўшимча қилди, аммо тафсилотларни айтмади.

Теҳронда ҳозирча АҚШ президенти баёнотлари юзасидан изоҳ берилмаган.

Бундан аввал Трамп Оқ уй ва АҚШ ҳарбийлари Эронда намойишчиларни қўллаб-қувватлаш учун ҳаракат вариантларини таҳлил қилаётганини айтган эди. “Ҳарбийлар вазиятни ўрганяпти, биз жуда қаттиқ вариантларни кўриб чиқяпмиз”, — деган АҚШ раҳбари журналистларга. У, шунингдек, Эрон мухолифати етакчилари билан алоқада эканини билдирган.

АҚШда жойлашган HRANA ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилоти маълумотларига кўра, Эронда давом этаётган тартибсизликлар вақтида 500 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлган ва 10 600 нафардан зиёд одам ушланган.

Эронда намойишлар 2025 йил 28 декабр куни бошланган. Ўша куни Теҳрондаги дўкон эгалари иқтисодий аҳвол ёмонлашаётганига эътироз сифатида савдо нуқталарини ёпган. Кейинчалик акцияларга бошқа йирик шаҳарлар аҳолиси ҳам қўшилган.

Сешанба, 30 декабр куни норозилар билан полиция ўртасида илк тўқнашувлар бўлгани ва куч тузилмалари кўздан ёш оқизувчи газ қўллагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Кўп ўтмай, акциялар сиёсий тус олди: иштирокчиларнинг бир қисми Эроннинг олий раҳбари Али Хоманаийга тегишли бўлиши мумкин бўлган шиорни айта бошлади — “Диктаторга ўлим”. Намойишчилар сиёсий режим алмашишини ва Ризо Паҳлавийнинг ҳокимиятга келишини талаб қилмоқда.

Эрон иқтисодиёти 40 фоиз атрофидаги инфляция ва Ғарб санкцияларидан азият чекмоқда.

АҚШ президенти 2 январ куни Truth Social тармоғида шундай деб огоҳлантирган эди: агар куч тузилмалари оғир иқтисодий вазият ва юқори инфляцияга қарши тинч намойишга чиққанларга ўқ узса, Қўшма Штатлар аралашади.

Кейинчалик чиқишлар тартибсизликларга айланди. Теҳрон шаҳар ҳокими Алиризо Заканийнинг билдиришича, 9 январга ўтар кечаси бўлиб ўтган акцияларда 50 тадан ортиқ банк ва бир нечта давлат муассасаси ёқиб юборилган, ёнғинда 30 дан зиёд масжид вайрон бўлган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид