Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ховосда фермерларнинг ерлари оммавий тортиб олиняпти
Турли идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ фермерларнинг уйига бориб, уларнинг шахсий мол-мулкини хатлаётгани ва ердан воз кечиш ҳақида ариза ёзишга мажбурлаётгани айтилмоқда. Ариза ёзишни рад этган фермерларга агроинспекциядан ревизия келяпти. ЎзЛиДеП бунга чек қўйишга чақирди, депутат Рисқул Сиддиқов вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовга сўров юборди.
Фото: Ховос тумани ҳокимлиги матбуот хизмати
Ховос туманида фермерларнинг ерлари оммавий равишда олиб қўйилмоқда. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси бу ҳаракатларни “зудлик билан бартараф этиш”га чақирди.
“Куни кеча Сирдарё вилояти Ховос туманида фермер хўжаликларининг ер майдонларини олиб қўйиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилиб, уларнинг ерларини олиб қўйиш чоралари кўрилаётгани ҳақидаги ижтимоий тармоқлардаги хабарлар жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Маълумотларга кўра, прокуратура, ички ишлар, мажбурий ижро, солиқ ва бошқа идоралардан иборат ишчи гуруҳлар фермер хўжалиги раҳбарларининг уйларигача бориб, ижро ҳужжатларисиз фермерларнинг шахсий мол-мулкини хатлаб, ердан воз кечиш ҳақида мажбурий ариза ёзишни талаб қилмоқда, ариза ёзишни рад этган фермерларга нисбатан агроинспекция орқали текширувлар ўтказилмоқда”, дейилади партия ахборотида.
ЎзЛиДеПга кўра, бу бўлаётган ишлар – “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунларга зид.
“Ховос туманида фермер хўжаликларига нисбатан олиб борилаётган бу каби ҳаракатлар учун қонуний асос ва аниқ сабаблар бўлиши лозим. Таъкидлаш жоизки, 2025 йил ва 2026 йилнинг бугунги кунига қадар бундай оммавий текширувларни ўтказиш юзасидан ҳеч қандай қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинмаган”, – дейилади партия баёнотида.
ЎзЛиДеПнинг Қонунчилик палатасидаги депутати Рисқул Сиддиқов ҳолат юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш бўйича Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовга депутатлик сўрови киритган.
“Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мазкур ҳаракатларни зудлик билан бартараф этиш, туманда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, хосилдорликни ошириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш ва ерлардан самарали фойдаланиш ишларини ташкил қилишнинг қонуний ҳамда ўз электорати ҳисобланган фермерларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаган ҳолда амалга ошириш лозим деб ҳисоблайди”, – дея таъкидлайди партия.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил декабр ойида Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Ховос туманида танқидий йиғилиш ўтказган ва Улуғбек Йўлдошевни ишдан олиб, унинг ўрнига Қомус Йўлдошевни туман ҳокими этиб тайинлаган эди.
Мавзуга оид
17:55
Иссиқхоначилик соҳаси қайта кўриб чиқилади. Бунинг учун Лойиҳа офиси очилмоқда
20:59 / 29.12.2025
Охирги етти йилда 38 минг хонадонли кўп қаватли уйлар ноқонуний қурилган
21:33 / 22.12.2025
“Бизни тинч қўйишса, кўпроқ ҳосил оламиз” – Когонлик фермер ўзи ва ҳамкасблари қандай шароитда ишлаётгани ҳақида
19:46 / 17.12.2025