Жаҳон | 22:40 / 15.01.2026
2685
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Мексикадан наркокартелларга қарши рейдлар ўтказишга рухсат олмоқчи

АҚШ ҳарбийлари фентанил ишлаб чиқариши мумкин бўлган объектларга рейдлар пайтида мексикалик аскарларга ҳамроҳлик қилишини хоҳлаётгани таъкидланмоқда.

Фото: The New York Times

АҚШ ҳукумати Мексика ҳудудида гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарувчи наркокартелларга қарши операциялар ўтказиш учун Мексика ҳукуматига босимни кучайтирмоқда, деб ёзди The New York Times (NYT) ўз манбаларига таяниб.

«АҚШ Мексикага америкалик ҳарбийларга мамлакат ичида фентанил ишлаб чиқарувчи лабораторияларни йўқ қилиш бўйича қўшма операциялар ўтказишга имкон бериш учун босимни кучайтирмоқда», дейилади нашр хабарида.

Манбаларга кўра, «бу таклиф биринчи марта ўтган йилнинг бошида айтилган, аммо кейинчалик бошқа муддатга қолдирилган».

«Аммо АҚШ кучлари Венесуэла президенти Николас Мадурони 3 январ куни қўлга олганидан кейин сўров қайта юборилди», деб ёзди NYT.

Манбаларнинг таъкидлашича, «АҚШ ҳарбийлари, махсус кучлар жангчилари ёки Марказий разведка бошқармаси аскарлари фентанил ишлаб чиқариши мумкин бўлган объектларга рейдлар пайтида мексикалик аскарларга ҳамроҳлик қилишини хоҳлайди».

NYT маълумотларига кўра, АҚШ маслаҳатчилари аллақачон Мексика ҳарбийларининг қўмондонлик пунктларида бўлиб, гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашда ёрдам бериш учун разведка маълумотлари билан ўртоқлашмоқда.

3 январ куни АҚШ ҳарбийлари Каракасда Мадурони қўлга олди ва Қўшма Штатларга олиб кетди. Америка расмийлари уни гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорликда айбламоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид