Жаҳон | 20:57 / 15.01.2026
3984
2 дақиқада ўқилади

Араб давлатлари Трампни «Эронга имконият беришга» кўндирди – ОАВ

Саудия Арабистони бошчилигидаги араб давлатлари АҚШ расмийларидан Теҳронга зарба беришдан тийилишни сўради, чунки Эрон режимини ағдаришга уриниш нефт бозорларида тартибсизликларни келтириб чиқариши ва охир-оқибат АҚШ иқтисодиётига зарар етказиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Фото: AFP

Саудия Арабистони, Қатар ва Ўмон расмийлари АҚШ президенти Доналд Трампни Эронга ҳужум қилишдан воз кечишга кўндирди, деди AFP агентлигига саудиялик юқори мартабали амалдор.

«Кўрфазнинг уч мамлакати сўнгги дақиқада президент Трампни Эронга ўз яхши ниятини намойиш этиш имкониятини беришга кўндириш учун кўп уринишли дипломатик саъй-ҳаракатларни амалга оширди», деди амалдор.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатлар «эришилган ишончни мустаҳкамлаш ва ҳозирги ижобий муҳитни сақлаб қолиш» учун АҚШ билан музокараларни давом эттирмоқда.

Саудия Арабистони бошчилигидаги араб давлатлари АҚШ расмийларидан Теҳронга зарба беришдан тийилишни сўради, чунки Эрон режимини ағдаришга уриниш нефт бозорларида тартибсизликларни келтириб чиқаради ва охир-оқибат АҚШ иқтисодиётига зарар етказади, деб ёзган эди аввалроқ The Wall Street Journal газетаси.

Эроннинг Покистондаги элчиси Ризо Амирий Муғодамнинг таъкидлашича, Доналд Трамп аллақачон Теҳронга мамлакатга ҳужум қилмаслигини маълум қилган ва бунга жавобан босиқлик кўрсатишни ва минтақадаги Америка объектларига зарба бермасликни сўраган.

Эронда норозилик намойишлари бошланганидан кейин Доналд Трамп АҚШ намойишларнинг тарқатилиши ва расмийларнинг намойишчиларга босими туфайли бир нечта «жуда қаттиқ» ҳаракат вариантларини кўриб чиқаётганини айтди. The New York Times нашрининг ёзишича, Трампга Эронга янги зарбалар беришнинг бир неча вариантлари, жумладан, Теҳрондаги ноҳарбий обектларга зарба бериш вариантлари тақдим этилган. Бироқ, 14 январ куни Трамп «ишончли манбаларга» кўра, Эрон расмийлари намойиш иштирокчиларини қатл этишдан бош тортганини айтди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид