Жаҳон | 09:09 / 16.01.2026
3922
3 дақиқада ўқилади

“Эронда 800 та қатл тўхтатилди”: Оқ уй Трампнинг баёнотини изоҳлади

Оқ уй АҚШ президенти Доналд Трампнинг “АҚШ босими остида Эрон 800 та қатлни амалга оширмади” деган даъвосини изоҳлади. Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт бу ҳақда пайшанба куни, 15 январда баёнот берди.

Фото: Stringer/Getty Images

“Президентга кўра, бугун 800 та қатл тўхтатилди, улар режалаштирилган эди ва кеча (14 январ — таҳр.) амалга оширилиши керак эди”, — деди Ливитт. Шу билан бирга, у Оқ уй раҳбарида бундай маълумот қаердан пайдо бўлганини аниқ айтмади.

Доналд Трамп аввалроқ “жуда муҳим манбалар” унга Эронда қатллар тўхтатилишини айтганини иддао қилган эди. Ливитт қўшимча қилишича, АҚШ президенти вазият ривожини кузатишда давом этяпти ва барча ҳаракат вариантларини кўриб чиқиш имконини очиқ қолдирмоқда.

Al Hadath телеканали аввалроқ Эрон ҳукумати Ироқ билан чегара ҳудудида ҳаво ҳудудини ёпишга фармойиш берганини хабар қилди. Dpa агентлиги билдиришича, бу хабарлар АҚШ томонидан эҳтимолий ҳаво зарбаси бўлиши мумкинлиги ҳақида турли тахминларни кучайтирган. Оқ уй матбуот котибининг айтишича, “президент Трамп нима қилишини фақат ўзи билади”, унинг режаларидан эса маслаҳатчиларнинг жуда кичик гуруҳигина хабардор.

Бундан олдин, 14 январ куни, Эрон суд ҳокимияти раҳбари Ғолям Ҳусайн Моҳсени-Эджеи норозиликлар чоғида ушланган 18 000 кишига нисбатан суд жараёнларини тезлаштириб ўтказиш ва уларнинг бир қисмига ўлим жазоси тайинлаш кераклигини айтган эди. Шу билан бир вақтда, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароғчи Fox News'га берган интервюсида Эрон ҳокимиятида “умуман одам осиш режаси йўқ”лигини таъкидлаган.

АҚШда жойлашган HRANA ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотларига кўра, Эронда давом этаётган тартибсизликлар вақтида камида 544 киши ҳалок бўлган ва 10 600 дан ортиқ одам ушланган.

Эронда намойишлар 2025 йил 28 декабр куни бошланган. Ўша куни Теҳронда дўкон эгалари иқтисодий вазият ёмонлашганига эътироз сифатида савдо нуқталарини ёпган. Кейинроқ акцияларга бошқа йирик шаҳарлар аҳолиси ҳам қўшилган.

30 декабрда намойишчилар билан полиция ўртасида илк тўқнашувлар бўлгани ва кучишлатар тузилмалар кўздан ёш оқизувчи газ қўллагани ҳақида хабарлар тарқалган. Орадан кўп ўтмай, акциялар сиёсий тус олди: иштирокчиларнинг бир қисми Эрон олий раҳбари Али Хоманаийга дахлдор бўлиши мумкин бўлган шиорни айтган — “Диктаторга ўлим”. Норозилар сиёсий режим алмашишини ва муҳожирликда яшаётган валиаҳд шаҳзода Ризо Паҳлавийнинг ҳокимиятга келишини талаб қилмоқда.

Эрон иқтисоди эса 40 фоиз атрофидаги инфляция ва Ғарб санкциялари сабаб қийналмоқда.

АҚШ президенти 2 январ куни Truth Social ижтимоий тармоғида тинч норозилик билдирувчи одамларга қарши ўқ узилса, АҚШ аралашиши ҳақида огоҳлантирган.

Кейинроқ чиқишлар тартибсизликларга айланган. Теҳрон шаҳри ҳокими Алиризо Заканий 9 январга ўтар кечаси бўлиб ўтган норозиликлар вақтида 50 дан ортиқ банк ва бир неча давлат муассасаси ёқиб юборилгани, шунингдек, 30 дан ортиқ масжид ёнғинда вайрон бўлганини маълум қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид