Жаҳон | 20:54 / 18.01.2026
2819
2 дақиқада ўқилади

Макрон АҚШга қарши жавоб чоралари кўришни таклиф қилмоқда

2023 йил охирида кучга кирган Мажбурлашга қарши курашиш воситаси Европа мамлакатларига иқтисодий жавоб чоралари учун кенгайтирилган ваколатларни тақдим этади.

Фото: REUTERS

Франция президенти Эмманюэл Макрон АҚШ президенти Доналд Трамп илгари сурган бож жорий этиш таҳдиди амалга ошадиган бўлса, Евроиттифоқнинг мажбурлашга қарши курашиш (ACI) воситасини ишга солишни таклиф этмоқда. Бу ҳақда Le Figaro ва AFP хабар берди.

«АҚШ томонидан савдо муносабатларига нисбатан таҳдидлар Евроиттифоқ ва АҚШ ўртасида ўтган йили тузилган божлар тўғрисидаги келишувни шубҳа остига қўймоқда», — деб ёзади Le Figaro Макроннинг яқин ҳамкори сўзларига таяниб.

AFP агентлигининг хабарига кўра, Франция президенти «кун давомида европалик ҳамкорлари билан мулоқотда бўлган».

2023 йил охирида кучга кирган Мажбурлашга қарши курашиш воситаси (Anti-Coercion Instrument, ACI) Европа мамлакатларига иқтисодий жавоб чоралари учун кенгайтирилган ваколатларни тақдим этади.

Унга кўра, технология корпорацияларига нисбатан қўшимча солиқ ва йиғимлар жорий этиш, инвестицияларни чеклаш, Евроиттифоқ бозорига киришни чеклаш ёки ёпиш, компанияларнинг тендерларда қатнашишини тақиқлаш имконини беради.

Аввалроқ Доналд Трамп Европанинг саккиз мамлакатига нисбатан 10 фоизлик бож жорий этилишини эълон қилганди.

Тайёрлаган:  Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид