Жамият | 20:22 / 22.01.2026
3442
2 дақиқада ўқилади

Косметология ва миграция: ОИТС билан боғлиқ янги таҳдидлар Ўзбекистонда

Ўзбекистонда ОИТС билан яшаётганлар сони 52 минг нафарга етган. Расмий маълумотларда касалликларнинг катта қисми меҳнат миграцияси билан боғланса-да, амалдаги тажриба косметология хизматлари орқали ҳам инфекция юқиш ҳолатлари кўплигини кўрсатмоқда.

2026 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда ОИТСга чалинганлар сони 52 минг нафарга етган. Касалликларнинг жуда катта фоизи мигрантлар ҳиссасига тўғри келади.

Тиббиёт ходимларининг айби билан 10 йилдан буён ОИТС билан курашаётган ватандошимиз бугун эҳтиёж ошиб бораётган косметологик хизматлардан ҳам инфекция юқиши кўпайгани, аммо бу ёпиқ қолаётганини таъкидлади.

“Ҳеч ким ОИТСдан ҳимояланмаган. Ҳозир аёлларимиз косметологларга жуда кўп боришяпти, нафақат аёллар, эркаклар ҳам боряпти. Косметология соҳаси Ўзбекистонда ривожланиб кетди. Айнан косметологияда шу касални юқтираётганлар бир қанча. Лекин бу нарса ёпиқ тарзда қолиб кетяпти, нимагадир ошкор қилинмаяпти. Ва бизнинг четдан келаётган мигрантларимиз, айнан Россиядан, Туркиядан келаётганларда кўп аниқланяпти.

Баъзи бирларининг ҳатто ота-онаси билмайди ОИТСга чалинганини. Уйланиши керак бўлган йигит Россиядан келиб никоҳгача тиббий кўрикдан ўтган. Унда ОИТС аниқланган. Тўй бузиляпти – ҳамма нарса белгиланган, тўй куни, таклифномалар тарқатилган. Буни эшитган ота-она ёлғиз ўғлини уйдан ҳайдаб юборяпти. Йигит ўзини ўлдирмоқчи бўлди, ота-она қутқариб олишган. Лекин барибир уйдан чиқариб юборишди. Охири ўша йигит Россияга кетишга мажбур бўлди.

70 ёшли отахон келди. Аёли 62 ёшда, Россиянинг Калининград деган шаҳрига бориб ишлаган ва ким биландир танишиб қолиб, шу касални юқтириб келган. Юқтириб келиб, била туриб турмуш ўртоғига юқтиряпти. Ўша одам уйга қайтмаслигини айтиб, имкон бўлса Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигидан қариялар уйига жойлаштиришни сўради”, дейди у.

Кўрсатувнинг тўлиқ шаклини ушбу ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид