Жаҳон | 16:43
7841
5 дақиқада ўқилади

Хитойда онлайн фирибгарлик билан шуғулланган синдикатнинг 11 аъзоси қатл этилди

Улар Мянмадаги скам-марказлар ва казиноларни бошқарган ҳамда минглаб кишиларни, жумладан, Хитой фуқароларини қулликда ушлаб турган.

Фото: CCTV

Хитойда Мянмадаги онлайн фирибгарлик марказлари (скам-марказлар) тармоғини бошқаришда айбланган Мин оиласининг 11 нафар аъзосига нисбатан ўлим ҳукми ижро этилди, деб хабар бермоқда Xinhua агентлиги.

Скам-марказлар Жануби-Шарқий Осиёда жиддий муаммо бўлиб, хитойликлар кўпинча онлайн фирибгарлик қурбонига айланишади.

Мин синдикати аъзолари 2023 йил ноябрида, Мянманинг Хитой билан чегараси яқинидаги ҳудудда қўлга олинганди.

Синдикат аъзолари 2025 йил сентябридаги суд мажлисида қотиллик, ноқонуний озодликдан маҳрум қилиш ва фирибгарликда айбдор деб топилиб, ўлимга ҳукм қилинганди. Ноябрда олий инстанция суди апелляцияни рад этди ва 29 январ куни ҳукм ижро қилинди.

Суд қарорига  кўра, скам-марказлар ва казино бизнеси орқали Мин оиласи 2015 йилдан 2023 йилга қадар бўлган даврда 10 млрд юандан ортиқ (1,4 млрд доллар) маблағ ишлаб топган. Уларнинг фаолияти Хитойнинг 14 фуқароси ўлимига олиб келган.

Синдикатнинг 2023 йилда қўлга олинган барча аъзолари ҳам ўлимга ҳукм қилинмаган. 23 кишига беш йилдан умрбод қамоқ жазосигача бўлган ҳукмлар эълон қилинган.

Бу Хитойда шундай иш бўйича ижро этилган биринчи ўлим ҳукми бўлди. Ноябр ойида Бай синдикатининг беш нафар аъзосига ҳам ўлим ҳукми чиқарилганди, шунингдек, Вэй ва Лю гуруҳлари аъзолари устидан суд жараёни давом этмоқда.

Хитойда қанча одам қатл этилиши ҳақида аниқ маълумот йўқ: бундай статистика давлат сири ҳисобланади. Ҳуқуқ фаоллари эса Хитой – жаҳонда қатллар бўйича етакчи эканини даъво қилишади.

Мин синдикати ўз фаолиятини асосан Лауккай шаҳрида олиб борган, бу ҳудуд 2023 йил ноябрига қадар Мянмадаги ҳарбий хунта назоратида бўлган, кейин эса маҳаллий исёнчилар қўлига ўтган.

Лауккай – Хитой билан чегарадаги Кокан автоном регионида жойлашган шаҳар бўлиб, бу ерда асосан Бирма хитойлари истиқомат қилади. 2000-йилларда бу шаҳарча аста-секинлик билан хароба ҳудудда казинолар фоҳишахоналар марказига айланади.

Кейин бу ерда онлайн-фирибгарликка ихтисослашган скам-марказлар ҳам пайдо бўлади. Шаҳардаги шундай марказлардан энг йириги Crouching Tiger Villa (Уйқудаги йўлбарс вилласи) комплекси бўлиб, уни Мин синдикати раҳбари, муқаддам Мянма парламенти депутати бўлган Мин Сюэчан бошқаради.

Оиланинг асосий даромади дастлаб қимор ўйинлари ва фоҳишабозлик, кейин эса онлайн фирибгарлик эди – уларнинг тузоғига тушган шахслар қулликда ушлаб турилган ва мажбуран ишлатилган, қочишга уринганлар эса ўлдирилган. Хитой нашрларига кўра, Мин оиласи ўз фаолиятининг энг юқори чўққисида фирибгарлик ва бошқа жиноятларни содир этиш учун камида 10 минг кишини жалб қилган.

Скам-марказ ходимлари ва улар қулликда ушлаб турган одамлар рейддан кейин. Мявади, 2025 йил феврал
AFP / Scanpix / LETA

Мин оиласи аъзолари 2023 йил кузида Лауккай шаҳрини Мянма хунтасидан қайтариб олган маҳаллий айирмачилар томонидан қўлга олинади. Улар синдикат аъзоларини Хитойга топширган, худди ўша даврда расмий Пекин ўғирланган фуқароларнинг қариндошлари мурожаатлари асосида скам-марказларга қарши кампания бошлаганди.

69 ёшли Мин Сюэчан 2023 йил ноябрида, оиланинг бошқа аъзолари қўлга олинаётган кунларда ҳалок бўлади: маҳаллий расмийларга кўра, у қўлга тушмаслик учун ўз жонига қасд қилган. Бугун қатл этилганлар орасида унинг ўғли Мин Гопин (Мянмадаги ҳарбий хунта чегара кучлари собиқ қўмондони) ва қиз набираси Мин Чжэнчжэн ҳам бор.

Хитой ТИВ вакили Пекин «қимор ўйинлари ва фирибгарлик иллатини йўқ қилиш» бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришда давом этишини маълум қилган.

Интерпол баҳоларига кўра, бутун дунёда (айниқса Жануби-Шарқий Осиёда) скам-марказларда одам савдосининг юз минглаб қурбонлари мажбурий меҳнатга жалб этилган. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йилда онлайн-фирибгарлик туфайли камида 37 млрд доллар йўқотилган.

Сўнгги вақтларда Мянмадаги скам-марказлар шимоли-шарқдан бошқа регионларга – Таиланд билан чегара ҳудудларга, шунингдек, Хитой таъсири у қадар кучли бўлмаган Камбоджа ва Лаосга кўча бошлаган.

Маҳаллий расмийлар сўнгги ойларда скам-марказларга босимни кучайтирди. 2025 йил октябр ойида Мянмадаги ҳарбий хунта Таиланд билан чегарадаги энг йирик мажмуалардан бирида рейд ўтказиб, 2000 дан ортиқ одамни озод қилди. 2026 йил январ ойида Камбоджада тадбиркор Чэн Чжи ҳибсга олиниб, кейин Хитойга экстрадиция қилинди (АҚШ ва Буюк Британия уни Жануби-Шарқий Осиёдаги скам-марказлар тармоғининг раҳбари деб ҳисоблайди).

Интерпол скам-марказлар саноати бошқа минтақаларга – Яқин Шарқ, Ғарбий Африка ёки Марказий Америкага кўчиб ўтиши мумкинлигидан хавотирда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид