Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Кубага нефт етказиб берувчи давлатларга қарши бож жорий этмоқда
Доналд Трамп Куба томонидан келаётган таҳдид сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилди. АҚШ президенти Ҳаванага тўғридан тўғри ёки билвосита нефт етказиб бераётган мамлакатлардан импорт қилинадиган товарларга бож тўловларини жорий этиш тартиби ҳақида фармон имзолади.
Фото: REUTERS
АҚШ президенти Доналд Трамп Куба томонидан келаётган таҳдид билан боғлиқ ҳолда фавқулодда ҳолат эълон қилди ва Ҳаванага нефт сотадиган ёки бошқа тарзда етказиб берадиган мамлакатлардан келадиган товарларга тарифлар (божлар) жорий этиш тартибини белгилади. Бу ҳақда Оқ уй 29 январ, пайшанба куни хабар берди.
Оқ уй маълумотига кўра, фармон “АҚШнинг миллий хавфсизлиги ва ташқи сиёсати Куба режими томонидан олиб борилаётган ёвуз ниятли ҳаракатлар ва сиёсатдан ҳимоя мақсадида” имзоланган.
Ҳужжат Қўшма Штатларга Кубага тўғридан тўғри ёки билвосита нефт етказиб беришни амалга ошираётган ҳар қандай мамлакатдан импорт қилинадиган маҳсулотларга қўшимча божлар жорий этиш имконини беради.
Оқ уйда таъкидланишича, Вашингтоннинг бу чоралари Куба режими “дўст бўлмаган кучлар, терроризм”ни қўллаб-қувватлагани ва “минтақавий беқарорлик”ни юзага келтиргани учун уни жавобгарликка тортишга қаратилган. Бу беқарорлик эса “АҚШ хавфсизлиги ва ташқи сиёсати”ни хавф остига қўяди.
Вашингтонда, шунингдек, Куба ҳудудида Россиянинг радиоразведка маълумотларини йиғиш бўйича энг йирик хорижий объекти жойлашгани айтилди. Хабарда давом этилишича, Ҳавана трансмиллий террористик гуруҳларга бошпана ҳам беради, режим эса сиёсий мухолифларни таъқиб қилади ва уларни қийноққа солади.
Reuters агентлиги олдинроқ қайд этганидек, сўнгги ҳафталарда Вашингтоннинг Кубага нисбатан риторикаси сезиларли даражада қаттиқлашган. Журналистлар шундай хулоса қилган: “Трампнинг Кубага босими — минтақадаги давлатларни Қўшма Штатлар позициясига мос ҳаракат қилишга мажбурлаш истаги йўлидаги навбатдаги кескинлашув босқичидир. Бу Трамп маъмуриятининг ғарбий яримшарда устунликка эришиш бўйича жиддий амбицияларини кўрсатади”.
Доналд Трамп 11 январ куни ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Куба “кўп йиллар давомида Венесуэладан катта ҳажмда нефт ва пул ҳисобидан яшаб келгани”ни ёзди. Унинг айтишича, Куба бунинг эвазига 1999–2013 йилларда Жанубий Америкадаги мазкур мамлакат президенти бўлган Уго Чавесга ва Венесуэла раҳбари Николас Мадурога “хавфсизлик хизматлари” кўрсатган. Матнда айтилишича, Мадуро 3 январ куни АҚШ армияси махсус бўлинмалари томонидан қўлга олинган.
Бироқ Трамп энди вазият ўзгаришини билдириб ўтди: “Энди Кубага на нефт, на пул келади — нол”. Оқ уй раҳбари яна қўшимча қилди: “Мен уларга (Куба ҳокимиятига — таҳр.) кеч бўлмасидан олдин (АҚШ билан — таҳр.) келишув тузишни қатъий тавсия қиламан”, дея таҳдид қилди. АҚШ президенти айнан қандай келишувни назарда тутаётганини аниқ айтмади ва Ҳавана учун оқибатлар моҳиятини ҳам очиқламади.
Куба ҳокимияти Трамп баёнотларига ғазаб билан муносабат билдирди. Куба ташқи ишлар вазири Бруно Родригес ўша куни X микроблогида: “Куба хавфсизликни таъминлаш хизматлари учун ҳеч бир давлатдан пул ёки моддий мукофот олмаган”, деб ёзди.
Мамлакат президенти Мигел Диас-Канел эса Куба “эркин, мустақил ва суверен давлат” эканини таъкидлади. Лотин Америкаси давлати раҳбари X’да: “Бизга ҳеч ким нима қилишни буюрмайди”, деб ёзди. У қўшимча қилди: “Ҳамма нарсани, ҳатто инсон ҳаётини ҳам бизнесга айлантирадиганлар Кубага бирор нарса, умуман ҳеч нарса кўрсатма бериш ҳуқуқига эга эмас”.
Мавзуга оид
10:41
Венесуэла нефт соҳасини хусусий инвесторлар учун очди
23:08 / 29.01.2026
Трамп Путиннинг Украинага зарбаларни бир ҳафтага тўхтатишга розилигини айтди
21:25 / 29.01.2026
«Катта армада». Трамп Эрон соҳилларига юборган ҳарбий кучлар ҳақида нималар маълум?
20:27 / 29.01.2026