Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон тинчигандек кўринганди, аммо Трамп ҳамон зарба бериш ҳақида ўйламоқда
Morteza Nikoubazl / NurPhoto / Getty Images
АҚШ президенти Доналд Трамп яна Эронга зарба бериш вариантларини кўриб чиқмоқда. CNN нашрининг Оқ уйга яқин манбаларига кўра, эҳтимолий вариантлар орасида – ҳукумат ва кучишлатар тузилмаларнинг намойишларни шафқатсизларча бостиришга масъул бўлган раҳбарларини ўлдириш, шунингдек, ядровий объектлар ҳамда давлат муассасалари биноларига зарбалар бериш бор.
Reuters манбалари эса Трампнинг бу сафарги мақсади 2025 йил ёзидаги каби Эрон ядровий дастурини йўқ қилиш билан чекланмайди – у режимни ўзгартирмоқчи. Шу билан бирга, Трамп ўз чиқишларида Эроннинг уранни бойитишдан бутунлай воз кечишини, шунингдек, ракета дастурини ҳамда Яқин Шарқдаги прокси кучларни (Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ва Ямандаги ҳусийчилар) қўллашни чеклашни назарда тутувчи янги «ядровий келишув» тўғрисида гапирмоқда.
Январ ойининг биринчи ярмида, бутун Эрон оятуллоҳ ҳукуматига қарши намойишлар ичида қолганида, Трамп бир неча марта тўғридан тўғри намойишчиларни курашни давом эттиришга чақирган ва уларга ёрдам ваъда қилганди. Аммо ўшанда Америка ҳарбийлари унга ислом республикасига қисқа муддатда режимнинг ағдарилиши учун етарли бўладиган зарар етказишини кафолатлай олмаганди. У вақтда Американинг асосий эътибори Венесуэла масаласига қаратилганди. Натижада Трамп Эрон бўйлаб зарба беришдан воз кечади.
Ҳозир эса Американинг «Авраам Линколн» авиаташувчиси бошчилигидаги зарбдор гуруҳи Ҳинд океанига олиб келинган. Шунингдек, минтақадаги ҳарбий базаларга, жумладан, Қатар ва Баҳрайнга қўшимча кучлар ташланган. Гап ҳамон фақат самолётлар, кемалар ва ракеталар ҳақида кетмоқда – қуруқликдан бостириб кириш имконияти кўриб чиқилаётгани йўқ.
Reuters агентлиги қайд этишича, араблар ва исроилликлар Трампни ҳаводан бериладиган зарбалар билан Эрондаги режимни ағдаришнинг амалда имкони йўқлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Аммо АҚШ президенти бу зарбалар эронликларни намойишларни қайтадан бошлашга илҳомлантиришига умид қилмоқда.
Эрон 2025 йил июнида Исроил ва АҚШга қарши бўлиб ўтган 12 кунлик уруш даврида ҳамда декабр-январ ойларидаги кенг кўламли намойишлар чоғида кучсизланган бўлса-да, у ҳамон Американинг минтақадаги базалари ҳамда иттифоқчиларига жиддий таҳдид туғдира олади. Саудия Арабистони ва БАА жавоб ҳужумлари хавфини инобатга олиб, америкалик ҳарбийларга Эронга зарба беришда ўз ҳаво кенгликларидан фойдаланишга рухсат бермади.
Эронда ҳамон АҚШга қаршилик кўрсатиш имконияти мавжуд. У Ҳўрмуз бўғозини – Форс кўрфазидан Араб денгизига чиқиш ҳудудини миналаштириши мумкин – бутун дунё нефтининг тўртдан бир қисми шу жойдан олиб ўтилади. Бундан ташқари, рақибга оғир руҳий зарба бериш учун эронликлар Американинг битта кемасини чўктириши етарли бўлади – айниқса, Трампнинг нуфузи ичкаридаги вазият туфайли шусиз ҳам тушиб бораётгани инобатга олинса. Кўплаб кичик кемалар ва зарбдор дронларга эга бўлган Эрон ҳарбий-денгиз кучлари эса бундай амалиёт ўтказишга қодир ҳисобланади.
BBC экспертлари ҳам ҳарбий базалар ва ядровий объектларга алоҳида зарбалар – режимнинг қулаши ва демократик транзитга олиб келиши кўзда тутилган сценарийни ҳаддан ташқари оптимистик деб ҳисоблайди. Бунга муқобил вариант сифатида «Венесуэла сценарийси»ни кўриб чиқиш мумкин: режим жойида қолади, аммо ўз сиёсатини юмшатади ва АҚШ талабларини бажаради – ядровий ва ракета дастурларини қисқартиради, прокси кучларни қўллаб-қувватлашни камайтиради, мамлакат ичидаги қатағонларни юмшатади.
Нашр версиясига кўра, оятуллоҳнинг теократик режимини ҳарбий диктатурага – Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси вакилларидан тузилган жамоавий раҳбариятга алмаштириш нисбатан эҳтимоли юқори бўлган сценарий ҳисобланади.
Шу билан бирга, ислом республикасининг янада заифлашуви диктатурага ёки демократияга эмас, балки фуқаролар урушига олиб келиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Минтақанинг аксарият давлатлари бу сценарийни эҳтимолий сценарийлардан энг ёмони деб ҳисоблайди.
Мавзуга оид
13:45
ЕИ Эронга янги санкциялар жорий қилди
08:46
АҚШ Кубага нефт етказиб берувчи давлатларга қарши бож жорий этмоқда
23:08 / 29.01.2026
Трамп Путиннинг Украинага зарбаларни бир ҳафтага тўхтатишга розилигини айтди
21:25 / 29.01.2026