Спорт | 14:09
2561
3 дақиқада ўқилади

Футболда таниш-билишчилик бўлмайди - Баҳодир Қурбонов

ЎФА раиси Баҳодир Қурбонов футболдаги коррупция ва рақамлаштириш ишлари ҳақида маълумот берди. «Коррупция омили Ўзбекистон футболида йўқ бўлса, эртанги кунда халқаро майдонда давлатимиз байроғини, ўзбек ғурурини, миллатини намойиш қиладиган спортчиларни етиштиришда муваффақиятга эришамиз», деди Қурбонов.

Фото: ЎФА

30 январ куни Тошкентда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг (ЎФА) навбатдаги ҳисобот-сайлов конгресси бўлиб ўтди.

Конгресс якунларига кўра, Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси, генерал-полковник Баҳодир Қурбонов делегатларнинг бир овоздан қабул қилган қарори билан ЎФА президенти лавозимига қайта сайланди.

Баҳодир Қурбонов ҳисобот-сайлов конгрессида иштирокчиларга 2025 йилда футболни рақамлаштириш борасида амалга оширилган ишлар ва жорий йил учун белгиланган вазифалар ҳақида маълумот берди.

«Коррупция омили Ўзбекистон футболида йўқ бўлса, эртанги кунда халқаро майдонда давлатимиз байроғини, ўзбек ғурурини, миллатини намойиш қиладиган спортчиларни етиштиришда муваффақиятга эришамиз. Шунинг учун, рухсат берсангиз, мана шу масалада мен яна бир бор сизларга эришилган ютуқларни айтиб ўтсам. Ўтган йилларда футбол соҳаси рақамлаштирилмагани оқибатида футболчилар тўғрисида ягона умумий база бўлмаган. Шу сабаб клублар трансферлар орқали машғулот тўловларини ололмаган. Футболчилар тайёрлашни рақамлаштириш орқали инсон омили аралашувини кескин қисқартирувчи ва шаффоф селекцияни таъминловчи Миллий футбол электрон платформаси ишга туширилди. Платформада футбол мактабига келган ҳар бир бола ва унинг мураббийи электрон рўйхатга олинади. Футболчининг профессионал ўсиш кўрсаткичлари тизимига киритилади ҳамда мониторинг қилиб борилади. Эндиликда платформада рўйхатдан ўтган футболчи учун клуб ФИФАнинг трансфер тўловлари бўйича даромад олиш имконига эга бўлади», — деди ЎФА раиси.

Қурбонов футболдаги ҳакамлик масаласига ҳам тўхталиб, учрашувларида адолат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида Футбол ҳакамлари академияси ташкил этилганини маълум қилди.

«Ўрта Осиёда биз аёллар ҳакамлар жамоасини барпо этдик ва буни биз албатта кенгайтириб борамиз. Аёл бор жойда адолат бўлади. Маданият бўлади, интилиш бўлади. Президентимиз таъбири билан айтганда, бизлар аёл кишини илмли, ватанпарвар қилсак, жамиятни илмли, ватанпарвар қиламиз», деди у.

Ассоциация раҳбари футбол мактабларида ҳали ҳам муаммоли жиҳатлар сақланиб қолаётганига ҳам эътибор қаратиб, вазиятни яхшилаш бўйича режалаштирилган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.

«Минг афсуски футбол мактаблари ва академияларида ёшларни саралашда етарлича шаффофлик йўқ. Таниш-билишчилик ва маҳаллийчилик каби салбий иллатлар ҳам кузатиляпти. Шу сабабли илмий ёндашувлар асосида ёш футболчиларимиз билан ишлаш ва уларни саралаш бўйича янги тизим яратамиз. Бунда палатформа орқали футбол муассасаларидаги иқтидорли ва салоҳиятли ёш футболчиларнинг ўсиш даражаси мониторинг қилинади ва бошқа вилоятлардаги мутахассислар томонидан шаффоф саралаш йўлга қўйилади», деди ЎФА президенти. 

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров

Мавзуга оид