Иқтисодиёт | 07:58
11303
3 дақиқада ўқилади

АҚШ давлат қарзига эгалик: энг йирик давлатлар рейтинги

Хорижий инвесторлар қўлидаги АҚШ давлат облигациялари ҳажми рекорд 9,4 триллион долларга етди. Етакчилар таркибида ўзгаришлар кузатилиб, геосиёсий омиллар таъсири кучаймоқда.

Фото: Getty Images

Йил сайин АҚШга ўсиб бораётган бюджет тақчиллигини молиялаштириш учун янада кўпроқ давлат облигацияларини жойлаштиришга тўғри келмоқда.

Ушбу қарзни ҳам ички, ҳам хорижий инвесторлар сотиб олади. Шу билан бирга, АҚШ давлат облигацияларининг хорижий эгалари уларнинг умумий ҳажмидаги рекорд 9,4 триллион долларга эгалик қилмоқда. Умуман олганда, Европа мамлакатлари хорижий мулкдаги Америка қарзининг қарийб 40 фоизини назорат қилади.

Янги инфографикада АҚШ Молия вазирлиги маълумотлари асосида қайси мамлакатлар АҚШ қарзига эгалик қилиши кўрсатилган. Америка давлат қоғозларининг энг йирик хорижий эгаси — Япония: унинг улушига 1,2 триллион доллар тўғри келади.

Фото: Visual Capitalist

2019 йилда Япония Хитойни ортда қолдирган — бу ўн йил аввалги ҳолат билан солиштирганда сезиларли ўзгариш бўлди: ўша пайтда Хитой деярли 1,3 триллион долларлик Америка қарзини қўлида ушлаб турган эди. Шундан буён Хитой қўлидаги АҚШ давлат облигациялари ҳажми деярли икки баробарга камайди, япон сармоялари эса анча юмшоқроқ ўсди — худди шу даврда тахминан 61 миллиард долларга.

Кейинги ўринда 888,5 миллиард долларлик АҚШ федерал қарзига эгалик қилаётган Буюк Британия туради. Охирги 12 ойда унинг сармоя ҳажмлари икки хонали суръатларда ўсди — бу тенденция Европа давлатларининг қатор бошқа вакилларига ҳам хос, жумладан Белгия, Франция ва Норвегияга.

Айни пайтда БРИКС мамлакатлари, аксинча, ўз позицияларини фаол қисқартирди. Бразилиядаги Америка облигациялари ҳажми 27 фоизга камайган бўлиб, бу Ҳиндистон (–20 фоиз) ва Хитой (–11 фоиз)даги қисқаришдан ҳам тезроқдир. Шу билан бирга, 2025 йил охирида марказий банкларнинг глобал захираларида олтин улуши биринчи марта 1996 йилдан буён АҚШ давлат облигацияларининг улушидан ошиб кетди.

Америка давлат облигацияларига талаб кўплаб мураккаб омиллар таъсирида шаклланса-да, 2025 йил тенденциялар орасидаги тобора катта тафовутни яққол намоён қилди. АҚШнинг анъанавий иттифоқчилари ўз сармояларини оширишда давом этар экан, бошқа мамлакатлар захираларини тобора фаолроқ диверсификация қилди. Бу, эҳтимол, геосиёсий мулоҳазалар таъсири кучайиб бораётганини акс эттиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид