Жаҳон | 09:37
993
3 дақиқада ўқилади

Трамп муҳим минераллар захираси яратилишини эълон қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп стратегик аҳамиятга эга фойдали қазилмалар захирасини яратиш ҳақида эълон қилди.

Фото: Alex Brandon/AP

“Бугун биз Project Vault деб номланадиган лойиҳани ишга туширамиз. У Америка корхоналари ва ишчилари ресурслар етишмовчилигидан зарар кўрмаслигини кафолатлайди”, — деди у 2 феврал, душанба куни кечқурун Оқ уйда ўтказилган тадбирда.

Трампнинг айтишича, лойиҳа 1,67 млрд доллар хусусий капитални АҚШ Экспорт-импорт банки томонидан ажратиладиган 10 млрд долларлик кредит билан бирлаштиради. Бу маблағлар минералларни харид қилиш ва сақлашга йўналтирилади.

Захиралар, биринчи навбатда, автомобилсозлик ва технология компаниялари эҳтиёжлари учун мўлжалланган. Президент бу захира миллий мудофаа эҳтиёжлари учун аввал яратилган стратегик захира тамойили асосида ташкил этилишини таъкидлаб, ташаббусни “ажойиб ғоя” деб атади.

АҚШ ички ишлар вазири Дуглас Бергам эса шу ҳафта “яна 11 та давлат” муҳим минераллар савдо клубига қўшилиши эълон қилинишини билдирди.

Маълумотларга кўра, Hartree Partners, Traxys North America ва Mercuria Energy Group компаниялари захира учун хомашё харидини бошқаради. Бу қадам бизнеснинг Хитой нодир ер элементларига қарамлигини кескин қисқартиришга қаратилган.

Шу куни Токио ҳукумати Япония тадқиқот миссияси 6000 метр чуқурликда нодир ер элементлари мавжуд бўлган чўкинмаларни аниқлаганини маълум қилди.

Намуналар декабр ойида Тинч океанидаги Японияга қарашли Минамитори атоллига йўл олган “Чикю” илмий бурғилаш кемаси орқали йиғилган. Олимлар баҳолашича, атроф сувларида 16 млн тоннадан ортиқ нодир ер элементлари захираси бўлиши мумкин. Агар бу тасдиқланса, у дунёдаги энг йирик конлардан бирига айланади.

Халқаро стратегик тадқиқотлар институти эксперти Такахиро Камисуна AFP’га берган изоҳида: “Агар Япония Минамитори ҳудудида нодир ер элементларини барқарор равишда қазиб олишга муваффақ бўлса, бу муҳим саноат тармоқлари учун ички таъминот занжирини таъминлайди”, — деди.

Бу Хитойга қарамликни камайтиришга қаратилган қадам сифатида баҳоланмоқда. 6 январ куни Хитой Савдо вазирлиги Японияга иккиламчи товарлар экспортини тақиқлаган эди, улар орасида айрим нодир ер элементлари ҳам бор.

Нодир ер элементлари — ўзига хос хусусиятларга эга 17 та кимёвий элементдан иборат гуруҳ. Улар юқори технологияли қурилмалар, жумладан радиоэлектроника ва асбобсозликда қўлланади.

Аниқланган захиралар бўйича етакчи давлатлар: Хитой — 44 млн тонна, Ветнам — 22 млн тонна, Бразилия — 21 млн тонна, Россия — 10 млн тонна. 

Энг қиммат нодир ер металларидан бири — скандий. У космик саноат, мудофаа соҳаси ва қаттиқ оксидли ёнилғи элементларида (қувват генераторлари учун) ишлатилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид