Ўзбекистон | 12:57 / 07.02.2026
1754
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 1000 аҳолига 31 та тадбиркорлик субъекти тўғри келади

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 январ ҳолатига Ўзбекистонда ҳар 1000 аҳолига ўртача 31,7 та тадбиркорлик субъектлари тўғри келади. Ҳудудлар кесимида Жиззах вилояти етакчи, Қашқадарё вилояти эса энг паст кўрсаткич қайд этилган ҳудудлар қаторида.

Фото: Depositphotos

Қўмита келтирган маълумотларга мувофиқ, республика бўйича тадбиркорлик субъектлари зичлиги 1000 аҳолига 31 тадан ортиқни ташкил этган. Бу кўрсаткич ҳудудлардаги аҳоли сони, иқтисодий фаоллик, хизматлар сектори улуши ва бизнес муҳити каби омилларга боғлиқ равишда фарқ қилади.

Ҳудудлар бўйича энг юқори кўрсаткич Жиззах вилоятида — 61,0 та бўлиб, бу республика ўртача кўрсаткичидан анча юқори. Кейинги ўринларда Тошкент шаҳри — 45,3 та ва Хоразм вилояти — 44,8 та кўрсаткичлари билан қайд этилган.

Шунингдек, Сирдарё (37,5 та), Навоий (37,1 та) ва Сурхондарё (36,0 та) вилоятларида ҳам 1000 аҳолига тўғри келадиган тадбиркорлик субъектлари сони республика ўртача кўрсаткичидан юқори.

Ўрта кўрсаткичларга яқин ҳудудлар қаторида Бухоро — 35,3 та, Андижон — 35,2 та, Тошкент вилояти — 29,3 та ҳамда Қорақалпоғистон — 27,9 та келтирилган.

Энг паст кўрсаткичлар эса Наманган (24,8 та), Самарқанд (23,9 та), Фарғона (22,3 та) ва Қашқадарё (18,6 та) вилоятларида кузатилган.

Мутахассислар бундай фарқни ҳудудлардаги иқтисодий структура, хизматлар бозори ҳажми, кичик бизнеснинг ривожланиш даражаси ҳамда аҳоли зичлиги билан изоҳлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид