Жаҳон | 20:18 / 07.02.2026
3597
2 дақиқада ўқилади

«Тинчлик кенгаши»нинг биринчи йиғилиши 19 февралда бўлиб ўтади – ОАВ

Илк учрашув Доналд Трамп маъмурияти томонидан таклиф қилинган давлат раҳбарлари даражасида ўтказилади.

Фото: Chip Somodevilla/Getty Images

Оқ уй «Тинчлик кенгаши»нинг биринчи йиғилишини 19 феврал куни Вашингтонда ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Axios АҚШ расмийлари ва дипломатларига таяниб хабар берди.

Илк учрашув президент Доналд Трамп маъмурияти томонидан таклиф қилинган давлат раҳбарлари даражасида ўтказилади.

«Бу «Тинчлик кенгаши»нинг биринчи йиғилиши ва Ғазони тиклаш учун маблағ йиғиш анжумани бўлади», — деган нашр манбаси.

6 феврал куни Оқ уй логистика масалаларини ҳал қилиш учун «Тинчлик кенгаши»га аъзо мамлакатлар маъмуриятлари вакиллари билан алоқа ўрнатди. Axios маълум қилишича, Трамп фармони билан Доналд Ж. Трамп номидаги Тинчлик институти деб қайта номланган АҚШ Тинчлик институти (USIP) учрашув жойи сифатида танланган.

«Ҳозирча ҳеч нарса тасдиқланмади, лекин маъмурият тадбирни ўтказишни режалаштирмоқда ва қайси раҳбарлар қатнашиши мумкинлигини кўриб чиқишни бошлади», — деган манба.

«Тинчлик кенгаши» 16 январда Трамп ташаббуси билан Ғазо секторидаги низоларни ҳал қилиш мақсадида ташкил қилинган. Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида бу кенгашга қўшилишни истаган 19 давлат президент, бош вазир ва расмийлари ҳужжатга имзо чекишди.  

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид