Туризм | 15:27
5028
11 дақиқада ўқилади

Визасиз Хитой: Ўзбекистон фуқаролари учун мамлакатга кириш тартиби

Менинг исмим Дима, мен офисда ишлайман ва сафарларни туристик фирмалар ёки воситачиларсиз, мустақил равишда режалаштиришга ўрганганман. Хитойга турист сифатида — мамлакатни айланиш, Буюк Хитой деворини кўриш ва у ерда ҳаммаси қандай ташкил этилганини билиш учун бордим. Тайёргарлик босқичидаёқ визасиз кириш шунчаки «учиш ва қолиш» эмаслиги маълум бўлди. Бунда Хитойда бўлиш муддати, сафар мақсади, ҳужжатлар ва ҳатто тўлов усулларини ҳам ҳисобга олиш зарур. Парвоздан олдин ёки чегарада муаммоларга дуч келмаслик мақсадида Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режим амалда қандай ишлашини ва кириш пайтида аслида нималар текширилишини ўргандим ҳамда бу нозик жиҳатлар билан ўртоқлашишга қарор қилдим.

Хитойга визасиз кириш тартиби қандай

2025 йилдан буён Ўзбекистон фуқаролари Хитойга қисқа муддатли ва аниқ мақсаддаги сафарлар учун, масалан, туризм ёки хизмат сафари билан визасиз киришлари мумкин.

Ўқиш, ишлаш ёки узоқ муддат яшаш учун визасиз режим мос келмайди — бундай ҳолларда виза талаб қилинади. Шунинг учун уни консуллик орқали олдиндан расмийлаштириш керак.

Мамалкатда бўлиш қоидалари оддий:

  • Бир боришда Хитойда 30 кунгача бўлиш мумкин
  • Ярим йил ичида – ҳаммаси бўлиб 90 кундан ошмаслиги керак

Сафарлар сони муҳим эмас: мамлакатда ўтказган кунларингиз ҳисобга олинади.

Мисол

  • 1-30 январ - Хитойда 30 кун бўлдингиз
  • 15 феврал - 16 март – яна 30 кун бўлдингиз
  • 1-30 апрел - яна 30 кун

Жами - 90 кун.

1 май куни визасиз кира олмайсиз - лимит тугайди.

Маълум вақт ўтгач ва январ ойининг дастлабки кунлари ҳисобга олинмайдиган бўлганида яна кириш мумкин. Шунда бўшаган кунлар ҳисобидан яна келиш мумкин бўлади, аммо 30 кундан ортиқ муддатга эмас.

Шунингдек, Хитойни Ҳонгконг ва Макао билан адаштирмаслик лозим. Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режим уларга нисбатан амал қилмайди — алоҳида виза талаб қилинади.

Хитойга киришда қандай ҳужжатлар текширилади

Визасиз режим мавжуд бўлишига қарамасдан, чегара хизмати сафардан мақсадингизни сўраши ва белгиланган муддатда мамлакатни тарк этишга тайёрлигингизни текшириши мумкин. Шунинг учун чегарада қуйидаги ҳужжатлар ёнингизда бўлиши шарт:

  • Хорижга чиқиш паспорти (амал қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаслиги керак)
  • Қайтиш чиптаси
  • Авиачипта, меҳмонхона брони
  • Банкдан маълумотнома
  • Миграция картаси

Миграция картаси нима ва у қандай тўлдирилади

Хитойга киришда Ўзбекистон фуқаролари миграция картасини тўлдиришлари шарт.

Миграция картаси — чегара назоратидаги асосий ҳужжатлардан бири. У паспорт назоратидан олдин, самолётдан тушгач тўлдирилади: қоғоз шаклида ёки аэропортдаги электрон терминал орқали.

Миграция картасини тўлдириш учун махсус веб-сайт ҳам мавжуд. Уни аввалдан — паспорт назоратидан камида 30 дақиқа олдин тўлдириб қўйган маъқул. Қоғоз шакли ишончлироқ, чунки электрон терминаллар ҳар доим ҳам ишлайвермайди.

Тўлдирилган миграция картаси (nia.gov.cn сайтидан скриншот, 2026 йил январ)

Картада қуйидагилар кўрсатилади:

  • сафар мақсади;
  • Хитойдаги яшаш манзили;
  • мамлакатда бўлиш муддати.

Миграция картаси қуйидагиларни тасдиқлайди:

  • сафарнинг қисқа муддатли эканлиги;
  • мақсаднинг мослиги;
  • ишлаш, ўқиш ёки узоқ муддат қолиш режалаштирилмаганлиги.

Миграция картаси қандай тўлдирилади

Фақат рухсат берилган йўналишларни ёзинг:

  • Tourism – туристик сафар;
  • Business – бизнес сафари.

Яшаш манзили

  • меҳмонхона ёки қабул қилувчи томон манзилини кўрсатинг;
  • меҳмонхона номи ёки шаҳарни ёзиш етарли;
  • кўчишлар режалаштирилган тақдирда ҳам биринчи жойлашув манзили кўрсатилади.

Бўлиш муддати

  • максимал рухсат берилган муддатдан камроқ ёзинг;
  • агар 7-10 кунга борадиган бўлсангиз «30 кун» деб ёзманг.

Хитойга боргандан кейин рўйхатдан ўтиш керакми

Ўзбекистон фуқаролари Хитойга кирганидан кейин 24 соат ичида яшаш манзили бўйича рўйхатдан ўтишлари шарт. Рўйхатдан ўтмаганлик учун жарима қўлланилиши мумкин — ҳар бир кун учун 500 юангача (882 000 сўм).

Меҳмонхонада рўйхатдан ўтишни меҳмонхона расмийлаштиради. Агар хонадон ижарага олинса, рўйхатдан ўтишни туристнинг ўзи полиция бўлими орқали ёки онлайн тарзда амалга оширади. Шу билан бирга, рўйхатдан ўтиш тартиби шаҳарга қараб фарқ қилиши мумкин, шунинг учун қоидаларни олдиндан расмий хизматлар ёки кириш пайтида чегарада аниқлаштириб олиш тавсия этилади.

Яшаш жойи ўзгарганда ёки Хитойга қайта кирилганда қайтадан рўйхатдан ўтиш керак.

Тошкентдан Хитойга қандай бориш мумкин

Тошкентдан Хитойга тўғридан-тўғри рейслар амалга оширилади. Пекин, Хайнан ва Гуанчжоу каби йирик шаҳарларга энг кўп Uzbekistan Airways, Air China ва China Southern Airlines рейслари учади.

Пекинга мунтазам равишда Uzbekistan Airways (одатда сешанба, чоршанба ва шанба кунлари), Air China (ҳафтасига бир неча марта) ва China Southern Airlines рейслари (ҳар куни ёки ҳафтада 2 марта) парвоз қилади. Бир томонга авиачипта нархи ўртача 2,6–2,9 млн сўм.

Курорт Саняга (Хайнан ороли) тўғридан-тўғри рейслар ва чартер парвозлар амалга оширилади — одатда ҳафтада 1–2 марта, мавсум пайтида эса кўпроқ. Бир томонга парвоз нархи одатда 2,8 млн сўмдан бошланади.

Aviasales сервисида Тошкент – Гуанчжоу йўналиши бўйича авиачипталарни қидириш натижалари ва саналар бўйича нархлар графиги скриншоти

Хитойда қайси иловалар керак бўлади

Сафардан олдин тайёргарлик кўриш керак: Хитойда одатдаги сервислар ишламайди. Маҳаллий иловаларсиз тўлов, навигация ва алоқада муаммолар юзага келиши мумкин. Қуйида парвоздан олдин ўрнатиш ва созлаш керак бўлган сервислар рўйхати келтирилган:

  • WeChat – мулоқот қилиш ва бронни тасдиқлаш учун
  • Alipay – тўловлар учун
  • Baidu Maps ёки Amap – навигация учун
  • DiDi – такси чақириш учун
  • Таржимон – меню, кўрсаткичлар ва мулоқот учун
Ўрнатиш зарур иловалар

WeChat нега керак ва у қандай ўрнатилади

Хитойда WeChat нафақат мессенжер, балки универсал сервис ҳисобланади: мулоқот, тўловлар, такси ва ўнлаб мини-сервислар. У орқали меҳмонхоналар билан мулоқот қилинади, QR-кодларни кўрсатиш ва тўлов қилиш мумкин — WeChatсиз ҳаракат қилиш ноқулай.

Илова App Store ёки Google Playдан олинади. Рўйхатдан телефон рақамига келган SMS орқали ўтилади; тизим баъзан қўшимча текширувни талаб қилиши мумкин.

WeChat Pay иловадаги тўловлар бўлими орқали уланади. Wallet бўлимига кириб, карта қўшишни танлаш, маълумотларни киритиш ва банкдан келган SMS код билан тасдиқлаш керак. Текширувдан сўнг карта ҳамёнда кўринади ва QR-код орқали тўлов қилиш ҳамда иловадаги мини-сервислардан фойдаланиш мумкин.

WeChat Pay интерфейси – банк картасини Walletга қўшиш, тасдиқлаш ва QR-код орқали тўлаш.

Ёдда тутинг: Google, Instagram, WhatsApp, Telegram ва бошқа одатий сервислар блокланган. Зарур бўлса, сафардан олдин VPN ўрнатиб олиш керак.

Тўловлар қандай амалга оширилади

Асосий хатолардан бири – оддий банк карталаридан фойдаланишни ўйлаш. Хитойда тўлов тизими бошқача тузилган.

UnionPay – Хитойнинг миллий тўлов тизими бўлиб, у Visa ва Mastercardнинг маҳаллий муқобили ҳисобланади, шу сабабли унинг карталари терминал ва банкоматларда қабул қилинади.

Қандай фойдаланилади:

  • UnionPay карталарини Ipak Yuli, Kapitalbank каби банкларда расмийлаштириш мумкин;
  • жойларда терминалларда тўлов қилиш ёки нақд пул ечиш мумкин;
  • халқаро карталардан кўра барқарор ишлайди, айниқса, йирик шаҳарлар ташқарисида;
  • QR-тўлов ўрнини босолмайди: қаҳвахона, такси ва сервисларда кўпинча тўловни телефон орқали амалга ошириш сўралади.

Visa ва Mastercard

  • чекланган равишда қабул қилинади;
  • асосан йирик меҳмонхоналар ва туристик масканларда;
  • оддий дўкон, қаҳвахона ёки таксида карта орқали тўлов қабул қилинмайди;
  • асосий тўлов воситаси сифатида фойдаланиб бўлмайди.

Alipay ва WeChat Pay

Alipay ва WeChat Pay – Хитойда асосий тўлов воситалари. Бу мобил ҳамёнлар деярли ҳамма жойда ишлайди.

Билиш муҳим:

  • Alipay ёки WeChat иловаси орқали уланади;
  • аксарият ҳолларда хорижий картани қўшиш мумкин;
  • телефонда дўкон, қаҳвахона, такси ва хизматлар учун тўлов қилиш мумкин;
  • уларсиз кундалик ҳаётда ҳаракатланиш қийин.

Валютани қаерда алмаштириш мумкин ва юан курси қанча

1 юан - 1 700 - 1 800 сўм атрофида, аниқ курс банк ва тўлов усулига боғлиқ.

Хитойда нақд доллар алмаштириш алоҳида муаммо. Алмаштириш пунктлари кўп эмас, асосан йирик банкларда бўлиб, жараён вақтни олади ва паспорт талаб қилинади. Кичик шаҳарлар ва туристик масканларда доллар алмаштириш деярли имконсиз бўлиши мумкин.

Энг осони — валютани аэропортдаёқ алмаштириш: фақат курс баландроқ бўлади.

Хитойда бўлиш муддати ошиб кетса нима бўлади

Хитойда бўлиш муддатининг ошиб кетиши миграция қоидаларини бузиш ҳисобланади – ҳаттоки бу бир-икки кунни ташкил этса ҳам.

Бу жаримага (ҳар бир кун учун 500 юангача), қоидабузарликнинг миграция тизимида қайд этилишига, кейинги сафарларда ва виза олишда қийинчиликларга олиб келиши мумкин. Баъзанҳолларда депортация ёки киришга вақтинча тақиқ қўйилиши мумкин.

Маълумот учун:

ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Тошкент, Яҳё Ғуломов кўчаси, 79

тел. +998 71 233-80-88

Ёдда тутинг

  • Сафарлар сони эмас, кунлар ҳисобланади – Хитойда жами неча кун бўлиш муҳим.
  • Сафар мақсади зарур – визасиз режим фақат туризм, бизнес ёки транзит учун мос келади.
  • Қайтиш чиптаси бўлиши шарт – усиз Хитойга киритилмаслигингиз мумкин.
  • Тез-тез бориш чегарада кириш рад этилишига олиб келиши мумкин.
  • Визасиз кирилганида ҳам миграция картаси тўлдирилади, мақсад ёки манзил тўғрисидаги хатолар чегарада саволларга сабаб бўлади.
  • Оддий банк карталари яхши ишламайди —Alipay ёки WeChat Pay бўлмаса тўловларда қийинчиликлар бўлади.

Матн муаллифнинг шахсий тажрибасига асосида ёзилган. Хитойга кириш ва бўлиш қоидалари ўзгариши мумкин, якуний қарор чегара хизматлари томонидан белгиланади. Сафардан олдин янгиланган талабларни расмий манбалардан текшириш тавсия қилинади.

Маълумотлар 2026 йил феврал ойига мувофиқ келади.

Назима Насирова
Тайёрлаган Назима Насирова

Мавзуга оид