Спорт | 19:09 / 13.02.2026
1556
17 дақиқада ўқилади

Каррик «МЮ»ни ғалабали йўлга қайтарди. У буни қандай уддаламоқда?

Фото: Carl Recine/Getty Images

Ижтимоий тармоқларнинг, ҳатто жиддий бўлмаган контентларнинг ҳам ҳаётга таъсири шу қадар ошиб кетдики, ҳафта бошида «Манчестер Юнайтед»нинг «Вест Ҳэм»га қарши оддий ўйини миллионларни ўзига жалб қилди. Сабаби – «МЮ» қаторасига беш ўйинда ютмагунича сочини олдирмасликка қасам ичган Франк Айлет исмли бир блогернинг тақдири. Чунки «МЮ» бу ўйингача кетма-кет тўрт ғалабага эришганди.

Энг қизиғи, бу мақолани мен ҳам бешинчи ғалабадан сўнг ёзишни ният қилиб, айнан ушбу блогер мавзуси билан кириш қилишни ўйлаб қўйгандим. Жамоа дуранг ўйнади, челленж давом этадиган бўлди. Аммо матнни барибир ёздим, зеро дебютант мураббийнинг дастлабки 5 ўйинда 13 очко олиши – жуда яхши натижа. Нега энди қандайдир Франк қўйган талаб бу муваффақиятга соя солиши керак?

Қуйида Майкл Каррикнинг Манчестердаги дастлабки ойи, истиқболи ва айнан қандай омиллар ушбу ғалабаларда рол ўйнагани ҳақида фикр юритилади.

Мерос

Ҳар қандай мураббий истеъфоси жамоада салбий фон яратса-да, ўрнига келадиган мутахассис учун қоладиган мерос турлича бўлади. Айтайлик, сўнгги натижалар фонида рўй берган истеъфоларда жамоа ҳам ўйин, ҳам руҳий томондан ҳам инқирозга тушиб қолган бўладики, буни ўнглаш кўпроқ меҳнат талаб қилади. Мағлубиятлар туфайли футболчиларнинг ўзига бўлган ишончига путур етади ва айниқса, каттароқ рақибларга қарши бу ишончни уйғотиш қийинчилик туғдиради. Мисол учун, Сулшер ўрнига Рангник, тен Ҳаг ўрнига Рубен Аморим келганида шундай бўлган – бу мутахассисларда натижа борасида вазиятни ўнглаш имкони бўлмаган.

Алваро Арбелоа ва Лиам Росениор каби янги мураббийларда ҳам вазият ўхшаш – истеъфонинг мазмуни кўпроқ раҳбарият (Алонсода футболчилар) билан зиддиятларга тақалади. Тан олиш керак, «Манчестер Юнайтед»да ҳам, «Реал» ёки «Челси»да ҳам натижалар у қадар ёмон эмасди. «Манчестер Юнайтед» Аморим даврида ҳам Чемпионлар Лигаси зонасида юрган, қатор катта ўйинларда («Ливерпул», «Челси», «Арсенал») жамоа анча ишончли кўринган, хуллас, ўтган мавсумга нисбатан ўсиш яққол кузатилаётганди. Каррикда футболчилардаги ишончсизликни қайта уйғотиш, буни ҳис қилдириш учун қандайдир оламшумул ғоялар тақдим этишга эҳтиёж ҳам йўқ эди.

Кўпчилик ҳозирги вазиятни Оле Гуннар Сулшер Моуринио ўрнига вақтинча мураббий бўлиб келган даврга қиёсламоқда, қисман бу ўхшатишларда ҳам жон бор. Сулшер қабул қилган мерос, биринчидан, ундан олдинги мавсумда 2-ўринни олган жамоа эди, иккинчидан, таркибда Погба, Лукаку, Рэшфорд, Санчес, Марсиял каби ўзига яраша кучли футболчилар бўлган. Каррик нисбатан оддийроқ таркибни қабул қилиб олган бўлса-да, юқорида тилга олинганидек, натижалар у қадар ёмон бўлмаган ва ўсишда бўлган таркиб эди.

Яна бир муҳим жиҳат – Бруно Фернандеш ва Лисандро Мартинес жароҳатдан тўлиқ тикланиши ва Африка Миллатлар кубогида қатнашган Мбемо ва Амад таркибга қайтиши айнан Каррик даврига тўғри келди. Назаримда, Рубен Аморим бош мураббий сифатида қолганида ҳам, бу футболчиларнинг қайтиши қандайдир ижобий эмоционал туртки бериши эҳтимоли юқори эди. Балки «Арсенал» ва «Манчестер Сити»ни бу шаклда ютиш содир бўлмасди, аммо Аморим бошқарувининг сўнгги давридаги муваффақиятсиз натижалар, уларнинг фонида январ ойи трансферлари учун сўровлар раҳбарият билан зиддиятларга замин яратганини унутмаслик керак.

Қисқаси, шундай хулосалаш мумкинки, Майкл Каррикнинг натижалари у даражада анормал эмас, ҳар қандай қисқа даврда «МЮ» шундай кучли серияни амалга ошира олиши эҳтимолдан у қадар йироқ бўлмаган. Айтайлик, шу кунларда «Тоттенҳэм» Томас Франкни бўшатди, энди янги мураббий билан жамоа қаторасига тўрт ғалабага эришса, ростанам мўъжизага қиёслаш мумкин. Чунки «МЮ»дан фарқли равишда «Тоттенҳэм»да бошқа муаммолар ҳам етарли.

Мақсад ва вазифалар аниқлиги

«Манчестер Юнайтед»нинг аввалги вақтинчалик мураббийларидан фарқли равишда Майкл Каррикда аниқ мақсад ва вазифа бор – жамоани Чемпионлар Лигасига олиб чиқиш, яъни кучли бешликка кириш. Сулшерни «нима бўлса бўлар» принципида олиб келишган, Рангникдан мураббийлик қилиши билан бирга жамоадаги структурани ўзгартириш талаб қилинган, Рубен Аморим шундоғам вақтинчалик эмас, уч йиллик шартнома билан ташриф буюрганди. Яъни мавсум ўртасида жамоани қабул қилиб олган учала мураббийда ҳам жорий мавсум учун конкрет мақсад йўқ эди. Шунинг учун ҳам Каррикнинг фаолияти тўлиқ натижалар учун йўналтирилганини тушуниш осон.

Айтайлик, Рубен Аморим ўтган йил декабрида, яъни бошқарувга келишига бир ой бўлмасдан, Маркус Рэшфорд ва Гарначо билан зиддиятга борди ва Маркусни таркибдан четлатиб, қишда ижарага бериб юборди. Бу айнан узоқ муддатли қарор. Шу орқали Аморим клубдаги тартибни йўлга қўймоқчи бўлган. Яъни узоқ муддатли стратегия учун қисқа муддатли фойдадан воз кечган.

Каррикда бундай вазифа йўқ, у «Олд Траффорд»да вақтинчалик эканини яхши билади. Табиийки, бу шартларда у кимдандир воз кечиш, бошқаси билан зиддиятга бориш ўрнига, ҳар бир футболчидан максимал фойдаланишга ҳаракат қилади. Узоқ давр учун қуриладиган тизимда фойда бериши мумкин бўлган жиҳатларга эмас, айни пайтда ҳар бир футболчи мавсумда нима бера олиши мумкинлигига эътибор қаратади, табиийки, айни пайтда улар учун содда ва қулай позиция ва функциялар тақдим этади. Ҳар бир футболчи – унинг учун маълум тизим асосида, агар ўрнатилса ёрдам берадиган мурват эмас, ҳозир ва шу онда керак бўладиган фигура. Демак, ҳар бир футболчининг шундоғам мавжуд бўлган камчиликлари ва устунликлари бирламчи. Бундай қараш эса футболчилар учун ҳам қулай. Майкл Каррик ҳар қандай услубда очко олиши мумкин, ҳеч ким аввалги мураббийлардан талаб қилингани сингари, чиройли ўйин, доминант футбол талаб қилмайди.

Шу билан бирга, ўз вақтига эга бўлмаётган ва захирада қолаётган футболчиларда ҳам мураббий билан зиддиятга боришдан мантиқ йўқ. Кобби Майну Аморим қўл остида етарли ишончга эга бўлмаётганидан, ўз келажагини у билан тасаввур қилмаслиги ва бошқа вариантларни қидириб қолиши мумкин эди. Ҳозир янги Майнулар йўқми? Масалан, Эйден Ҳевен Аморим даврида асосий таркиб футболчисига айланаётганди, лекин Каррик уни ҳали бир дақиқа ҳам ўйнатмади. Лени Йоро ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Лекин Каррикнинг вақтинчалик экани ва айни пайтда барча масала ўйин қуриш, келажак учун пойдевор яратиш учун эмас, натижа учун бўлгани туфайли, бу футболчилар ёзгача майдонга туша олишмаса-да, бошқа мураббий билан ёки Каррик узоқроқ муддатли шартномага эга бўлганда, ўз имкониятига эга бўлишини яхши билишади.

Дастлабки икки ўйиндаги катта ғалабалар эса Каррикка бу борада ҳам қўшимча устунлик берди. Айни пайтда мухлислар орасида ҳам Ҳевен, Йоро ёки Лейси каби ёшларга имконият берилмаётгани ҳақида эътирозлар деярли йўқ.

Стив Ҳолланд

Оле Гуннар Сулшер «Манчестер Юнайтед»да ўзига ёрдамчи қилиб Каррик ва Маккенани олган эди. Айтишларича, Маккена ҳимояни, Каррик эса ҳужумни ташкил қилишга масъул бўлишган. Кейинчалик ҳар икки мураббий ҳам Чемпионшипда мустақил фаолият олиб борди. Маккена «Ипсвич»ни АПЛга олиб чиққан бўлса, Каррик «Мидлсборо» билан плей-оффгача борди.

Вақтинчалик номзодлар сифатида Сулшер ва Каррик номлари тилга олинганида, Оле янги штаб қуриши кераклигини айтган ҳамда Каррик, Флетчер каби мутахассисларни жалб қилишни хоҳлаганди. Каррик эса музокарага ўзининг тайёр штаби билан борган, дарҳол иш бошлаши мумкин эди. Инсайдларга кўра, айнан мана шу аниқлик Каррик номзоди юқори баҳоланишига сабаб бўлган.

Кўпчилик Майкл Каррик деганда, асосан «МЮ»га хос ДНК, футболчиларга эркинлик, мотивацион нутқ каби қўшимча устунликларга урғу бераётган бўлса-да, аслида қўлга киритилган ғалабаларнинг тактик асослари ҳам борлигини эътиборга олиш керак. Билд-апда 3-1-6, Далот ва Шоунинг тор позициялари, олдинги чизиқдаги доимий рокировкалар, Лисандро Мартинеснинг роли, юқори прессинг ва ўрта блок ўртасидаги алмашинувлар – табиийки, фарқли сценарий ва фарқли услубдаги рақибларга қарши муваффақиятли ўйинлар чуқур тактик асосларсиз бўлмайди. Каррикнинг аввалги ташрифидаги ғалабаларни қисқа чақнаш бўлган дейиш мумкин, аммо бу сафар мураббий схемадан тортиб, асосий таркибни ўзгартирганига ҳам эътибор қилиш керак.

Чемпионшипдаги қисқа тажриба билан кифояланган ёш мураббийнинг АПЛда бундай жиддий натижаларни қайд эта олишида албатта, ёрдамчи мураббий Стив Ҳолланднинг ҳиссаси бор. Замонавий футболда ёрдамчиларнинг аҳамиятини паст баҳолаб бўлмайди, ҳатто Пеп Гвардиола ҳам узоқ вақт юқори даражани сақлаб қолиш учун мунтазам штабини, айниқса, «бош вазири»ни алмаштириб туриши шундан далолат қилади.

Стив Ҳолланд шунчаки берилган вазифани бажарувчи ё ниманидир айтиб турувчи эмас, аслида каттароқ ўринга эга бўлган, тактик масалаларда Каррикдан ҳам устунроқ овозга эга бўлган шахсдир. Унинг тажрибали экани ҳам ёрдам бермоқда – Ҳолланд Карло Анчелотти билан «Челси»ни чемпион қилган ва янада аҳамиятлиси, жамоага келган кейинги мураббийлар Жозе Моуринио ҳам, Антонио Конте ҳам уни ўз штабида олиб қолишган. Кейин эса Ҳолланд Саутгейт билан бирга Англия миллий жамоасини бошқарди.

Каррик умумий ғоялар ва жамоа билан муносабатда муҳим бўлиши мумкин, аммо биз кўраётган тактик чизгилар, ўйин картинаси пайдо бўлишида Ҳолланд асосий фигуралардан бири экани шубҳасиз.

Яъни ушбу мураббий Каррикдан алоҳида олганда ҳам етарлича машҳур мутахассис, табиийки, футболчилар орасида ҳам ҳурмати жойида. Менимча, Рубен Аморимнинг хатоларидан бири ҳам шунда эди – унинг ёрдамчилари ўзидан ҳам ёшроқ бўлган, табиийки, бундай вазиятларда кичик диктатура юзага келиб қолади, бош мураббийни вақтида тўхтата оладиган авторитет ва алтернатив фикр бўлмайди.

Ҳафтада бир ўйин режими

Майкл Каррик сўнгги уч ўйинда бир хил таркибни майдонга туширди. Дастлабки икки ўйинда ҳам бир хил футболчилар танланган, аммо Доргунинг жароҳати кейинги ўзгаришга сабаб бўлганди. Яъни агар Патрикнинг жароҳати бўлмаганда, Каррик бешта ўйинда ҳам бир хил таркибни тушириши мумкин эди.

Замонавий футбол юкламалари учун бу бироз хавфли ва ёт услуб. Манчестерда бу муаммо бўлмаётганининг сабаби айни пайтда жамоа еврокубоклардан холи экани билан боғлиқ. «Челси», «Ливерпул» ёки бошқа рақиблардан фарқли равишда «Манчестер Юнайтед» ҳафтада бир ўйин режимида ҳаракат қилмоқда ва бу бир таркиб билан ҳам жамоани тетик сақлаш, спорт формасининг тушиб кетмаслиги ва жароҳатлардан қутулиб қолишга имкон беради.

Масалан, бугунги жамоани Каземиросиз тасаввур қилиш қийин, тўғрими? Бразилиялик 34 ёшли яримҳимоячи айнан мана шу режимда – топ футболчи, ҳар ўйин учун юқори спорт формасини сақлай олади, етарлича фойдали бўлади. Аммо агар «МЮ» бошқа турнирларда ҳам қатнашаётган бўлганида, 3-4 кунда бир режимда бутунлай бошқача картинани кўриш мумкин эди. Баъзи ўйинларда ротация қилиш, бошқа ижрочилар билан ҳам самарали тизимни ўйлаб топиш эҳтиёжи пайдо бўларди. «Вест Ҳэм»га қарши ўйин ёрқин мисол – Каррик даврида илк марта тайёргарлик учун бир ҳафта эмас, уч кун бор эди, ўйин ва натижа ҳам аввалгиларга нисбатан қониқарсиз бўлди.

Хулоса

Хўш, ўтган салкам бир ойлик давр ва беш ўйиндан келиб чиқиб, Майкл Каррикка мураббий сифатида, ҳатто «МЮ»нинг келажаги сифатида баҳо бериш мумкинми?

Бу борада икки хил асосий қараш бор. Биринчи йўналишдаги мулоҳазани Каррикнинг дастлабки кунларида Гари Невилл айтганди. Унинг фикрича, Каррик ҳатто қолган барча ўйинларни ўз фойдасига ҳал қилиб, зўр натижалар қайд этган тақдирда ҳам, янги мураббий излаш керак. Вақтинчалик натижалар кайфияти таъсирида, худди Сулшер билан бўлгани каби, Каррикка ҳам янги шартнома таклиф қилинса, бу аввалги хатони такрорлаш бўлади.

Шу билан бирга, Каррикнинг футболчилик даври, айни дамда кўрсатаётган натижаларидан келиб чиқиб, нега энди бошқа мураббий ахтариш керак, деб савол қўяётганлар ҳам оз эмас. Уларнинг асосий аргументи – «модадаги турли тизим ва структуралар ортидан қувиб, Эрик тен Ҳаг ёки Рубен Аморим каби мураббийлар билан нима бўлганини кўрдик, яна ўша хатони такрорламасдан, тайёр натижа кўрсатиб турган мураббийдан нега воз кечиш керак?». 

Аслида ҳар икки томоннинг ҳам асосли гапларини эътиборга олган ҳолда, ҳақиқатни ўртароқдан қидирган маъқул. Бир томондан, каттароқ мураббийларни талаб қилаётган Гари Невилл мисол тариқасида Почеттино ва Анчелотти номларини тилга олаётгани бироз кулгили. Гвардиола, Зидан, Алонсо каби мураббийлар катта футболда тажрибасизлиги ҳам футбол тарихидаги ноёб натижаларни қайд этишга халақит қилмади. Майкл Каррикка ўз футболини қуришга, ўз қарашларини намоён қилишга имкон бермай туриб ҳам, унинг устига чизиқ тортиш, у фақат мотивация, днк ва эркинликдан иборат деб хулоса бериб юбориш ҳам нотўғри. Балки Каррик Сулшер каби эмас, ростанам ўз ғоялари ва структурасига эга бўлган мутахассисдир?

Шу орқали иккинчи томондагиларга ҳам раддия бериш мумкин. Майкл Каррик чиндан ҳам кучли мураббий бўлиши мумкин, аммо беш ўйин буни асослаш учун етарли эмас. Замонавий футболда барибир тизим футболчиларга эмас, футболчилар тизимга хизмат қилиши керак ва муваффақиятли жамоалар худди шу йўлдан боришган.

«Реал»нинг ютуқлари намуна эмас, зеро Европадаги ҳеч қайси клубда «Реал» каби таркиб ва имкониятлар бўлмаган. Шундай экан, айни пайтда Каррик кўпроқ футболчиларга қулайлик яратадиган тизим тақдим этаётган бўлса, барибир шу нуқтага келинадики, футболчилардан тизим учун бошқача ўйнаш, ёқимсиз функцияларни бажариш талаб этилади. Айнан ўша пайтда ҳам муваффақиятли бўла олиш, жамоа муҳитини ҳозиргидек сақлаш янада қийинроқ вазифа ва бу шартларда ҳали Каррикни кўрганимиз йўқ.

Эрик тен Ҳаг ё Сулшернинг дастлабки мавсумида футболчиларга мослаб ўйин қуриб, натижаларга эришгани, аммо маълум вақтга келиб, етакчиларнинг спорт формаси пасайганда муаммоларга дуч келганини эслаш кифоя. Юқорида «Реал»ни бекорга қавс ичига олмадим – Мбаппе ёки Роналду ўта юқори даражани бутун мавсум ушлаб туриши мумкин, бошқаларга эса барибир тизим керак. 

Демак, шундай ечимга борамиз – ёзда «Манчестер Юнайтед» ўз йўлини аниқ белгилаб, ўша стратегия асосида номзодларни кўриб чиқиши керак, бу бир. Ўша номзодлар ичида, мабодо мавсумни муваффақиятли якунласа, Майкл Каррик ҳам бўлиши керак, бу икки.

Келаси мавсум учун ўта ёқимсиз шартлар. Агар Каррик қоладиган бўлса, ҳар қандай муваффақиятсизликда бу қарор нотўғри бўлгани ҳақидаги фикрлар, эски «айтгандим-ку»лар юзага чиқаверади. Аксинча, янги мураббий келадиган бўлса-да, худди шундай, ёмон даврда Каррикнинг сояси унга ҳам халақит бераверади. Энг ёмони шу – қарор учун танловнинг кўп бўлиши. 

Қаҳрамон Асланов
Муаллиф Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид