Ўзбекистон | 19:20 / 17.02.2026
3810
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» раисига янги ўринбосарлар тайинланди

Сухроб Ҳамроев раиснинг молия бўйича биринчи ўринбосари, Аброржон Худойберганов эса қайта ишлаш бўйича ўринбосар лавозимини эгаллади.

«Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати ташкилот раисига икки нафар янги ўринбосар тайинлангани ҳақида хабар берди.

Сухроб Аҳмаджонович Ҳамроев «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раисининг молия, трансформация ва хусусийлаштириш бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Сухроб Ҳамроев инвестиция ва инфратузилмавий лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш, техник-иқтисодий асосланишни баҳолаш ҳамда йирик ишлаб чиқариш ташаббусларини амалга ошириш соҳаларида кўп йиллик тажрибага эга. Турли йилларда вазирлик ва республика даражасидаги давлат идоралари, эксперт агентликлари ҳамда нефт-газ ва энергетика соҳаларида масъул лавозимларда фаолият юритган.

Аброржон Акбарович Худойберганов эса «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раисининг қайта ишлаш бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Аброржон Худойберганов нефт ва газни қайта ишлаш қурилмалари, инновацион лойиҳалар ҳамда замонавий технологияларни ишлаб чиқариш жараёнларига жорий этиш йўналишларида кўп йиллик амалий тажрибага эга мутахассис ҳисобланади. У меҳнат фаолиятини қурилма кузатувчиси лавозимидан бошлаб, босқичма-босқич масъул ва раҳбарликкача бўлган лавозимларда ишлаган.

Шунингдек, манбалар бошқарув раисининг қурилиш ва транспорт бўйича ўринбосари Ғайрат Абдуллаевич Юлдашев ҳамда бошқарув раисининг режим ва кадр масалалари бўйича ўринбосари Қаҳрамон Норбўта ўғли Ҳакимов ишдан кетгани ҳақида хабар бермоқда.

Ғайрат Юлдашев ва Қаҳрамон Ҳакимов

Ғайрат Юлдашев 2024 йил декабридан буён «Ўзбекнефтгаз» раиси ўринбосари ишлаб келаётганди.

Қаҳрамон Ҳакимов эса 2021-2023 йилларда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари сифатида ишлаган, сўнгги уч йилга яқин вақт ичида «Ўзбекнефтгаз»да ишлаётганди.

Ҳозирда ташкилот сайтининг раҳбарият бўлимида улар ҳақидаги маълумотлар йўқолиб қолган, лекин ҳозирча уларнинг истеъфоси ҳақида расмий хабар берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилдан буён «Ўзбекнефтгаз»ни бошқарган Баҳодир Сиддиқов 2025 йил декабрида ишдан олиниб, унинг ўрнига Абдуғани Сангинов тайинланди

2026 йил январ ойи охирида эса Сиддиқов давлат маблағларини талон-торож қилиш ва бошқа коррупциявий жиноятларда гумонланиб, қамоққа олингани маълум бўлди. Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз»да катта тафтиш кетмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид