Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ўзбекнефтгаз»да катта тафтиш кетмоқда. Собиқ раис Баҳодир Сиддиқов қамоққа олинган
«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви собиқ раисига қарши тергов ДХХ томонидан олиб борилмоқда.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви собиқ раиси Баҳодир Сиддиқов эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Kun.uz манбасига кўра, у давлат маблағларини талон-торож қилиш ва бошқа коррупциявий жиноятларда гумон қилинмоқда.
Бугун, 27 январ куни президент раислигидаги йиғилишда ҳозирда «Ўзбекнефтгаз» АЖда катта тафтиш кетаётгани, миллиард-миллиард сўмлик талон-торожликлар аниқлангани маълум қилинди.
ДХХ раисига «Ўзбекнефтгаз» АЖ учун масъул ходимларнинг жавобгарлигини кўриб чиқиш топширилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабр ойи ўрталарида аввалига Ўзбекистон президентининг энергетик хавфсизлик бўйича вакили Алишер Султонов, кейин эса «Ўзбекнефтгаз» АЖ раҳбари Баҳодир Сиддиқов ишдан олинганди.
Султонов 2013-2015 йилларда «Ўзбекнефтгаз» раиси ўринбосари, 2015-2018 йилларда «Ўзбекнефтгаз» раиси сифатида ишлаган. У 2017 йилдан бош вазир ўринбосари сифатида геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефт-кимё ва металлургия саноати масалалари комплексига ҳам раҳбарлик қилган. У 2019-2022 йилларда энергетика вазири бўлган, кейинроқ президент маслаҳатчиси лавозимига ўтганди.
Баҳодир Сиддиқов 2019-2020 йилларда ҳам «Ўзбекнефтгаз»га раҳбарлик қилган, 2023 йил ушбу лавозимга қайтганди. 2025 йил декабрида истеъфога чиққанида «бошқа ишга ўтаётгани» айтилганди.