Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина ҳарбийлари бундесвер аскарларини дрондан фойдаланишга ўқитади
Жанг тажрибасига эга украин инструкторлари бундесвер ҳарбийларини дрондан фойдаланиш, ҳужумларни қайтариш ва мобил иловалар ёрдамида операциялар ўтказишга ўқитади, деб ёзади Der Spiegel. Таҗриба алмашиш бўйича музокаралар 2025 йилдан бери олиб борилган.
Германия Мудофаа вазирлиги тезроқ жанг тажрибасига эга украин аскарларини Германия қуролли кучларини ўқитиш учун юборишни истамоқда. Der Spiegel журнали душанба куни, 16 февралда хабар қилишича, Украина Қуролли кучлари жангчилари бундесвер ҳарбийларини дронлардан фойдаланиш ва мобил иловалар ёрдамида операциялар ўтказишга ўқитади. Аввалроқ Германия Мудофаа вазири Борис Писториус ва Украина президенти Володимир Зеленский украин инструкторларини Германия қуруқлик қўшинларининг мактаблари ҳамда жанговар ўқув марказларига интеграция қилиш тўғрисидаги келишувни имзолаган.
Der Spiegel’нинг бундесвердаги манбаларига кўра, Киев билан украин аскарлари бундесвер хизматчиларига ўзларининг амалий билимларини улашиши ҳақидаги музокаралар 2025 йилдан бери давом этмоқда. “Ҳозир НАТОда ҳеч кимда Украинадан кўпроқ жанг тажрибаси йўқ, биз ундан фойдаланишимиз керак”, — деган нашр суҳбатдошлари.
Журналистлар маълумотича, ўқув курсларининг асосий мавзулари дрондан фойдаланиш, ҳужумларни қайтариш усуллари, шунингдек замонавий бошқарув тизимлари бўлиши мумкин. Der Spiegel ёзишича, Украина жанг ҳаракатларини режалаштириш ва қўшинларни бошқаришнинг оддий тизимларини мобил телефонлардаги иловалар кўринишида ишлаб чиққан, бу иловалар ўқ-дорилар захирасини тўлдириш ҳамда яраланганларни эвакуация қилишни мувофиқлаштира олади.
Бундесверда хавфсизлик мулоҳазаларига кўра ўқитиш тафсилотларини аниқлаштиришдан бош тортган. Нашр қайд этишича, фронтда ҳарбий кадрлар етишмаслиги сабаб украин инструкторлари, эҳтимол, Германияда бор-йўғи бир неча ҳафта бўлади.
Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери юзлаб украин ҳарбийлари Германияда таълим олган. Бундесвер ҳарбийлари, жумладан, ГФРнинг ҳарбий ёрдам доирасида Украинага етказиб берган қурол тизимларидан фойдаланишни — Gepard зенит ўзюрар қурилмалари ва Leopard танклари бўйича Украина аскарларига ўргатган.
Европа Иттифоқининг украин ҳарбийларини ўқитиш миссияси (EUMAM) 2022 йилдан бери Европанинг бир нечта мамлакатларида амал қилади, ташкил этилганидан бери унда 76 000 нафардан ортиқ Украина аскари тайёргарликдан ўтган.
Мавзуга оид
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
17:21 / 12.06.2026
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
16:47 / 10.06.2026
Украина «Фламинго» ракеталари билан Чебоксарга зарба берди
10:00 / 10.06.2026