Ўзбекистон | 18:56 / 22.02.2026
3892
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда меҳмонхона қуриш учун 12 туп қимматбаҳо дарахт кесиб ташланди

Чилонзор туманидаги Ritz-Carlton меҳмонхонаси қурилаётган ҳудудда мораторийга зид равишда 12 туп қимматбаҳо дарахт илдизи билан қўпориб ташлангани аниқланди. Экология қўмитаси ҳисоб-китобларига кўра, бу орқали табиатга 351 млн сўмдан ортиқ зарар етказилган.

Фото: Telegram / Rasul Kusherbayev

Тошкент марказида жойлашган Ritz-Carlton меҳмонхонаси қурилиш майдонида 10 дан ортиқ қимматбаҳо дарахт кесиб, қўпориб ташланди.

Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербаевнинг қайд этишича, Озарбойжоннинг PD Estatesс МЧЖ корхонасига «Миллий боғ» хиёбони ҳудуди ёнидан берилган ер майдонида мораторий талабларига зид равишда 12 туп қимматбаҳо дарахт рухсатномасиз кесиб қўпориб ташлангани аниқланган.

Унинг сўзларига кўра, қурилиш компанияси ҳудуддаги дарахтларнинг кесилиш жараёнини видеога олишга ҳар томонлама тўсқинлик қилган.

Тошкент шаҳри Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси 20 феврал куни хабар юзасидан ўтказилган рейд давомида мазкур ҳолатни тасдиқлаган. Маълум қилинишича, Чилонзор тумани Байналминал кўчаси, 102А-уй манзилида жойлашган PD Estatesс МЧЖга тегишли ҳудудда соғлом ўсиш ҳолатида бўлган жами 12 туп дарахт, шундан 9 тупи президент фармонига асосан муддат­сиз даврга узайтирилган мораторий талабларига зид равишда, ҳеч қандай тегишли рухсатномаларсиз илдиз қисми билан қўпориб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳамда табиатга 351 млн 230 минг сўм миқдорида зарар етказилгани ҳисоблаб чиқилган.

Ҳозирда тўпланган ҳужжатларни ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юбориш чоралари кўрилмоқда.

 

Маълумот учун, PD Estatesс МЧЖ ХК — Озарбойжоннинг Pasha Holding компанияси бўлиб, қиймати 200 миллион АҚШ доллари бўлган Ritz Carlton бренди остида 5 юлдузли меҳмонхона қурмоқда.

Фото: Telegram / Rasul Kusherbayev

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, PD Estatesс 2023 йил ноябр ойида рўйхатдан ўтган. Компания 251,3 млрд сўмлик устав фондига эга ва «қурилиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш» билан шуғулланади. Таъсисчилари Pasha Development (99 фоиз) ва Pasha Holding (1 фоиз) ҳисобланади, раҳбар сифатида Барис Баттал кўрсатилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид