Жаҳон | 10:51 / 24.02.2026
1533
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ва РФ Женевада ядровий қуроллар бўйича шартномани муҳокама қилди

23 феврал куни АҚШ ва Россия ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича эҳтимолий шартнома ҳақида музокаралар ўтказди. Reuters ва AFP маълумотларига кўра, эртаси куни Америка делегациясида Хитой вакиллари билан учрашув режалаштирилган.

Фото: РИА Новости / Алексей Витвицкий

Россия ва АҚШ вакиллари ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича эҳтимолий шартномани муҳокама этиш учун душанба, 23 феврал куни Женевада учрашув ўтказди. Сешанба куни Америка делегацияси ва Хитой вакиллари ўртасида ҳам шунга ўхшаш музокаралар режалаштирилган. Бу ҳақда Reuters ва AFP агентликлари АҚШ Давлат департаментининг юқори лавозимли ходимига таяниб хабар бермоқда.

АҚШ бир вақтнинг ўзида уч давлат иштирокида “кенг қамровли шартнома” тузилишини талаб қилмоқда. Бу ҳужжат бўйича музокаралар 5 феврал куни муддати тугаган Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш шартномаси (СҲҚ-3) амал қилишдан чиққач бошланган. СҲҚ-3 АҚШ ва Россия томонидан 2010 йилда имзоланган эди.

Иккала агентлик манбалари, шунингдек, АҚШ томони феврал ойида Буюк Британия ва Франция билан ҳам шунга ўхшаш икки томонлама музокаралар ўтказганини кўрсатади. Бу давлатлар фақат ядровий арсеналга эга бўлибгина қолмай, Россия, АҚШ ва Хитой билан бирга БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари ҳам ҳисобланади. Агентликлар суҳбатдошига кўра, музокаралар “яхши” ўтган, АҚШ томонида кайфият оптимистик.

Ядровий қуроллар устидан назоратни муҳокама қилишда Буюк Британия ва Франция ҳам қатнашиши кераклигини 6 феврал куни — СҲҚ-3 шартномаси муддати тугаганидан кейинги куни — Россиянинг Женевадаги БМТ бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили Геннадий Гатилов айтган.

«Агар гап чиндан ҳам ядровий қуроллар устидан назорат бўйича кўп томонлама мулоқот, айниқса ядровий қуролларни кўп томонлама қисқартириш ҳақида кетса, Россия учун НАТО доирасида АҚШнинг ҳарбий иттифоқчилари ҳисобланган Буюк Британия ва Францияни бундай ҳамкорликка жалб қилиш принципиал аҳамият касб этади», — деган у. У Женевада 19 январдан 27 мартгача ўтаётган Қуролсизланиш конференциясида нутқ сўзлаган.

AFP қайд этишича, феврал ойи бошларида АҚШ Вашингтонда Россия ва Хитой билан “тайёрлов учрашувлари” ўтказган. Агентлик ёзишича, Женевадаги музокаралар уларга нисбатан “бироз мазмунлироқ” бўлган. Шу билан бирга, Хитойнинг қуролсизланиш масалалари бўйича элчиси Шэн Цзян аввалроқ ўз мамлакати ҳозирча Россия ва АҚШ билан музокараларда иштирок этмаслигини айтган. У Пекиндаги ядровий қуроллар захираси Москва ва Вашингтондагидан анча кам эканини таъкидлаган.

Шу орада, 21 феврал куни CNN америкалик манбаларга таяниб, АҚШ ҳукумати Хитойни ядровий қуролнинг янги авлодини ишлаб чиқишда ва 2020 йил июн ойида камида битта махфий ядровий синов ўтказган бўлиши мумкинлигида шубҳа қилаётганини хабар қилди. ОАВ маълумотларига кўра, гап бир нечта майда ядровий жанговар қисмларни олиб юра оладиган ракета тизимларини яратиш, шунингдек, кам қувватли тактик ядровий қуролни ишлаб чиқиш ҳақида кетмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид