Жаҳон | 13:37 / 24.02.2026
1526
4 дақиқада ўқилади

Санкцияларни четлаб ўтиш: Брюсселда россияликларга нисбатан суд бошланади

Белгияда келиб чиқиши россиялик бўлган уч нафар Белгия фуқароси Белгия компаниялари орқали Россияга санкция остидаги товарларни экспорт қилиш ишида фигурант бўлиб турибди. Фигурантлардан бири ҳибсга олинган, унинг ўғли эса қидирувда.

Фото: Dmitry Rukhlenko/imagebroker/IMAGO

Брюссел жиноят ишлари суди россиялик уч нафар шахсга нисбатан Европа Иттифоқининг санкциялари бузилгани ҳақидаги ишни кўриб чиқади. Жиноят ишлари бўйича палата федерал прокуратура хулосаларини қўллаб-қувватлади ва иш бўйича айблов хулосасини судга йўллади, деб хабар берди прокуратура душанба, 23 феврал куни DW’нинг Брюсселдаги мухбирининг сўровига жавобан.

Келиб чиқиши россиялик бўлган Белгия фуқаролари Украинага қарши РФ уруши сабаб жорий этилган Европа санкцияларини Белгия компаниялари орқали четлаб ўтишда гумонланмоқда.

Прокуратура уларнинг тўлиқ исм-шарифини айтмади, фақат бош ҳарфлари ва ёшини кўрсатди. Гап В.Л. (1961 йилда туғилган) ва унинг ўғли Р.Л. (1988 йилда туғилган), шунингдек И.П. (1984 йилда туғилган) ҳақида кетмоқда. Айбланувчилардан каттаси ҳозирда тергов изоляторида сақланмоқда. Унинг ўғли халқаро ҳибс ордери орқали қидирилмоқда. Учинчи айбланувчи эса муайян тақиқларга риоя қилиш шарти билан гаров эвазига озод қилинган.

Иш фигурантларига, жумладан, жиноий ташкилотда иштирок этиш, шунингдек Брюссел қарорининг мудофаа маҳсулотлари ва икки мақсадли (dual-use) товарлар экспортига оид 42-моддасини бузиш айблари қўйилмоқда. Прокуратура маълумотига кўра, улар Европа Иттифоқи 2014 йилда РФга нисбатан жорий этган санкциялар доирасига тушувчи қатор товарларни Россияга экспорт қилиш учун жавобгар ҳисобланади. Улар орасида темир алюминидлари, иттрий оксиди ва портловчи моддалар тарқалишини аниқлаш детекторлари бор.

Айблов хулосасида айтилишича, айбланувчилар экспортнинг моҳиятини яшириш ва масъулиятни ниқоблаш учун қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган. Прокуратурага кўра, уларга нисбатан суд жараёни яқин орада бошланади.

Бир неча кун олдин The Insider нашри Белгия федерал прокуратурасига таяниб, РФ Қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси (ГРУ) эҳтимолий ходими Виктор Лабин ҳибсга олинганини хабар қилди. У Россия мудофаа саноати учун мўлжалланган ўлчаш машиналарини экспорт қилишда гумонланмоқда. Ушбу маълумотларга кўра, Белгия полицияси Лабинга нисбатан тинтув ишларини 2025 йил июн ойида ўтказган. Шундан бери у ҳибсда, иши бўйича суд 26 феврал куни бошланиши айтилган.

Катта Лабин The Insider’нинг РФга қарши санкцияларни четлаб ўтиш схемалари ҳақидаги суриштирувида ҳам фигурант сифатида тилга олинади. У Белгияда ўғиллари Роман ва Руслан билан бирга бизнес юритган, Groupe d'Investissement Financier компаниясини таъсис этган. Компания Россиянинг ҳарбий пудратчиларига юқори технологияли ускуналар етказиб беришга ихтисослашган. Товарларнинг охирги қабул қилувчиси сифатида Москвада рўйхатдан ўтган “Сонатек” МЧЖ кўрсатилган, унинг эгалари ҳам Лабинлар оиласи бўлган.

Москвадаги компания Россия ҳарбий-саноат мажмуасининг 18 та корхонасига маҳсулотни етказиб бериш ва унга хизмат кўрсатиш бўйича хизматлар кўрсатган. Виктор Лабин Москвада Народного Ополчения кўчасидаги ГРУ академияси ётоқхонасида расмий рўйхатда турган, кейин эса Зеленоградда, квартираларнинг бир қисми ҳарбий хизматчиларга берилган уйга кўчиб ўтган. Унинг Европага аниқ қачон кўчгани номаълум, аммо камида 2000 йилдан бери у Брюсселда яшагани ва тадбиркорлик билан шуғуллангани аниқланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид