Ўзбекистон | 17:47
2890
3 дақиқада ўқилади

Урганч–Хива пулли автомобил йўли қурилиши бошланди

Ўзбекистондаги биринчи пулли автомобил йўли Урганч ва Хива шаҳарлари ўртасидаги масофа вақтини 1 соатдан 17 дақиқага қисқартириши айтиляпти. У билан бир вақтда, Урганч халқаро аэропортини Хива шаҳри билан боғлайдиган қарийб 11 километрлик электрлаштирилган темирйўл ҳам қурилмоқда.

"Ўзбекистон 24" лавҳасидан кадр

Хоразм вилоятида Ўзбекистондаги биринчи пулли автомобил йўли қурилиши бошланди: янги трасса Урганч ва Хива шаҳарларини боғлайди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканали хабар берди.

35 километрлик пулли магистрал – ҳозирда мавжуд 34 км узунликдаги йўлга муқобил бўлади.

Телеканал хабарида айтилишича, 2025 йилда Хоразм вилоятига қарийб 2 млн хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Натижада Урганч–Хива йўналишида транспорт оқими ортиб, тез-тез тирбандликлар юзага келяпти.

Лойиҳанинг умумий қиймати – 120 млн доллар. Пулли йўл 4 тасмали, асфалтбетон қопламадан иборат бўлади ва суткасига 20 мингта транспорт воситасини ўтказа олади.

Хоразм вилояти Автомобил йўллари бошқармаси бошлиғи Дилшодбек Ниёзметовнинг сўзларига кўра, 35 километрлик йўл 5 та лотга ажратиб, қурувчилар жалб қилинган. Репортажда буюртмачи ва пудратчилар кимлиги очиқланмаган.

Таъкидланишича, лойиҳа доирасида 17 та кўприк, 8 та йўл ўтказгич, 1 та туннел ва 5 та махсус ўтиш жойи барпо этилади.

“Айни пайтда қурилиш ишлари кенг кўламда олиб бориляпти. Мингдан ортиқ мутахассислар, юзлаб замонавий техника ва махсус ускуналар жалб қилинган”, – дейилади хабарда.

Қурилиш сифатини назорат қилиш учун хорижлик консултантлар ёлланган. Улардан бири, туркиялик мутахассис Булент Байирнинг маълум қилишича, йўлнинг устки конструкцияси тахминан 87 см қалинликда бўлади, сўнгги иккита қатлам битум билан модификация қилинган махсус мустаҳкам қатламлардан ташкил топади.

“Йўл-лойиҳа бюро” МЧЖ директори Ғулом Зоҳидовнинг сўзларига кўра, Урганч–Хива пулли йўлининг қурилиш ишлари лойиҳалаш ишлари билан параллел равишда олиб борилмоқда. Янги йўл икки шаҳар ўртасидаги масофа вақтини 3 баробарга қисқартириб, 1 соатдан 17 дақиқагача туширади. Пулли йўлнинг бошланиш нуқталарида ва ўртасида терминаллар жойлашади.

Бу лойиҳа билан бир вақтда, Урганч халқаро аэропортидан Хива шаҳрига қатнайдиган электрлаштирилган темирйўл ҳам қуриляпти. 10 км 850 метр узунликдаги темирйўл лойиҳасининг умумий қиймати – 18 млн доллардан ортиқ.

Хоразм вилояти Автомобил йўллари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жасур Қурбоновнинг айтишича, янги темирйўлни фойдаланишга топшириш тахминан июл ойига мўлжалланган.

Бундан ташқари, Шовот каналида устида кўприк қурилиши ҳам давом этяпти.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев

Мавзуга оид