Иқтисодиёт | 15:49
1256
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон блогерларни солиққа тортишда Россия тажрибасини ўрганмоқда

Солиқ қўмитаси делегацияси Россияга ташрифи чоғида блогерлар ва интернет тармоғида фаолият юритувчи бошқа шахслар даромадлари устидан солиқ назоратини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Фото: Солиқ қўмитаси

Ўзбекистон Солиқ қўмитаси делегацияси Москвада россиялик ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашмоқда. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Делегациянинг Россия Федерал солиқ хизматига ишчи ташрифи илк кунида блогерлар ҳамда интернет тармоғида фаолият юритувчи бошқа шахслар даромадлари устидан солиқ назоратини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувларда, шунингдек, солиқ хизмати брендини оммалаштириш, очиқлик даражасини ошириш ва фуқаролар ишончини мустаҳкамлаш мақсадида медиа ҳамжамият билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Россия томони солиқ органлари фаолиятида хизмат кўрсатишга йўналтирилган ёндашув, яъни солиқ тўловчилар учун қулай хизматлар яратиш, улар билан самарали мулоқот ўрнатиш ҳамда мавжуд тартиб-таомилларни соддалаштириш амалиётини тақдим этди.

2022 йилда Kun.uz YouTube влогерларига солиқ идоралари томонидан солиқ хабарномалари юборилганига эътибор қаратганди..

Россияда ҳам блогерлар даромадлари устидан солиқ назорати бир неча йил аввал кучайтирилган. 2021 йилдан бошлаб солиқ хизмати йирик блогерларнинг тушумларини фаол текшира бошлаган, 2023 йилда эса айрим инфлюенсерларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилган. Энг шов-шувли иш – юзлаб миллион рубл миқдоридаги солиқларни тўламаганликда айбланган Елена Блиновская билан боғлиқ бўлган.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова

Мавзуга оид