Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик блогерлар солиқ идораларидан YouTube тармоғидаги фаолияти натижасида олган даромадларидан солиқ тўлаши ҳақида хабарнома олганини айтиб, чиқишлар қилди.
“Sirojiddin Media” канали муаллифининг айтишича, у 2021 йилда YouTube'дан 9 минг доллар атрофида даромад олган ва энди бунинг учун 11 миллион сўм атрофида солиқ тўлаши керак бўляпти.
Блогер Абдусаттор Абдураҳимов ҳам 2021 йилги фаолияти натижасида YouTube'дан олган даромадидан солиқ тўлаш борасида хабарнома келганини маълум қилди.
“Менга Солиқ инспекциясидан хат келибди: YouTube (Google)дан менга тушган пуллар учун солиқ тўлашим ҳақида. Четдан келган пул учун солиқ тўланармиди? Яна 10 кун ичида тўлашим шарт экан-да, хат 13 кунда келар экан”, – дея ёзди у Twitter'да.
“Sirojiddin Media” канали муаллифи YouTube'дан олган даромадининг тахминан ярми влог юритиш харажатларига кетишини айтган бўлса, Абдусаттор Абдураҳимов бу даромади жамоани таъминлаб туришга ҳам етмаслигини билдирган.
Kun.uz бир қанча саволлар юзасидан Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Шуҳрат Исмоиловдан изоҳ олди.
Солиқ қўмитаси масъулининг тушунтиришича, агар блогерлар ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтганида, улар даромад солиғидан озод қилинган бўларди. Солиқ идораларидан хабарнома олган блогерлар эса ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтмаган.
“Блогерлик фаолиятини ижтимоий тармоқлардаги фаолият деб қараймиз. 2020 йил июн ойидан бошлаб у қонуний фаолиятга айлантирилди. Ўзини ўзи банд қилган шахслар қонунчиликка асосан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилган.
Ижтимоий тармоқларда чиқиш қилган блогер солиқ органлари унга 11 миллион сўм солиқ тўлашини талаб қилганини айтган. У 2021 йил давомида 9 минг доллар атрофида даромад олган, шундан келиб чиқиб солиқ органлари даромад солиғини тўлашни талаб қиляпти.
Агар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганда эди, ундан 2021 йил бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи олинмас эди. Кўриб турибмизки, ўзини ўзи банд қилмаган шахс сифатида унга даромад солиғи келиб чиқяпти. Қонунчиликка асосан, жисмоний шахс олган даромадлари, мулкий даромадлари, моддий наф тарзидаги олган даромадлари ва иш ҳақидан олган даромадлари бўйича даромад солиғи тўлаши керак.









