Жаҳон | 20:56 / 02.03.2026
4404
2 дақиқада ўқилади

Эрон олий раҳбарининг беваси жароҳатлар оқибатида вафот этди

79 ёшли Мансура Бақирзода ҳам АҚШ ва Исроилнинг Теҳронга берган қўшма зарбаси оқибатида жароҳат олган эди.

Фото: Getty images

Эроннинг ҳалок бўлган олий раҳбари Али Хоминаийнинг рафиқаси Мансура Хўжасте Бақирзода яраланганидан бир неча кун ўтиб вафот этди, деб ёзди Al Alam. Аёл сўнгги бир неча кун давомида кома ҳолатида эди.

79 ёшли Мансура Бақирзода ҳам АҚШ ва Исроилнинг Теҳронга берган қўшма зарбаси оқибатида жароҳат олган. У 1947 йилда тадбиркор оиласида туғилган, 1964 йилда Хоминаийга турмушга чиққан. Бундан ташқари, у Эрон телерадиокомпанияси (IRIB) директорининг собиқ ўринбосари Ҳасан Хўжасте Бақирзоданинг синглиси эди. Аёл жамоатчилик эътиборидан четда яшаган.

Али Хоминаий 2026 йил 28 февралда эълон қилинган АҚШ ва Исроилнинг қўшма операцияси оқибатида ўлдирилди.

Эрон ҳукумати 40 кунлик умуммиллий мотам эълон қилди ва мамлакат аҳолисига етти кунлик дам олиш куни берди. Эрон президенти Масъуд Пизишкиён олий раҳбарнинг ўлдирилишини даҳшатли жиноят деб атади ва бунинг учун қасос олишга ваъда берди.

Ҳаво ҳужуми оқибатида Хоминаий билан бирга унинг қизи, келини ва куёви ҳам ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилди, аммо аниқ исмлар расман эълон қилинмади. Хоминаийнинг жами олти фарзанди - тўрт ўғил ва икки қиз, шунингдек, етти набираси бор эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид