Жаҳон | 08:56 / 02.03.2026
5445
3 дақиқада ўқилади

Германияда — Эрон олий раҳбарининг ўлимидан кейин намойишлар

Эроннинг олий раҳбари Али Хоманаий ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлардан сўнг Германиянинг қатор шаҳарларида бир неча юз нафардан бир неча минг нафаргача одам қатнашган намойишлар бўлиб ўтди.

Фото: Christoph Soeder/dpa

Германиянинг бир қатор шаҳарларида якшанба, 1 март куни Эрон олий раҳбари — Али Хоминаийнинг ўлими ҳақидаги хабарлар фонида минглаб одамлар кўчага чиқди. Эронда эркинликка чақирувчи митинглар, жумладан, Берлин, Дюсселдорф ва Франкфурт-Майн шаҳарларида бўлиб ўтди.

Пойтахт полицияси маълумотига кўра, Берлинда Бранденбург дарвозалари олдида камида 1800 киши тўпланган. “Шаҳзода Ризо Паҳлавий раҳбарлигида Эронга эркинлик” деб номланган тадбирга дастлаб 5000 киши рўйхатдан ўтган эди. Акция иштирокчилари “Эрон, Эрон”, “Раҳмат, АҚШ”, “Раҳмат, Трамп”, “Раҳмат, Биби” каби шиорларни ҳайқирган, охирги ҳолатда улар Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни назарда тутган.

Фото: Henning Kaiser/dpa/picture alliance

Дюсселдорфда “Эронга эркинлик” шиори остидаги митингга тахминан 5000 киши йиғилди. Кўп иштирокчилар, жумладан муҳожирликдаги эронликлар ҳам, Хоманаийнинг ўлими ҳақидаги хабарни қувонч билан қабул қилди. Айрим намойишчилар Эроннинг сўнгги шоҳи ўғли бўлган Паҳлавийнинг суратлари туширилган плакатларни кўтариб олди, у аллақачон Эроннинг ўтиш даври ҳукуматини бошқаришга тайёр эканини билдирган. Бошқалар эса Эрон, Исроил, Германия ва АҚШ байроқларини силкитган.

Франкфурт-Майн шаҳридаги икки намойишда жами 750 киши иштирок этди. “Бугун биз дунёдаги энг катта диктатор — Хоманаийнинг ўлимини нишонлаяпмиз”, — деди иштирокчилардан бири dpa агентлигига.

Эроннинг олий раҳбари Али Хоманаий 28 феврал куни Теҳронда АҚШ ва Исроилнинг қўшма ҳаво операцияси натижасида ҳалок бўлди. Унинг ўлими муносабати билан Эрон ҳукумати 40 кунлик умуммиллий мотам эълон қилди ва мамлакат аҳолисига етти кунлик дам олиш кунлари берди. Хоманаий Ислом Республикасига 30 йилдан ортиқ вақт раҳбарлик қилган.

Фото: Andreas Arnold/dpa/picture alliance

Шу куни Эрон олий раҳбариятининг бошқа вакилларини ҳам йўқотди, жумладан мудофаа вазири Азиз Носирзода ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Муҳаммад Пакпур ҳам ҳалок бўлган.

Эрон давлат ОАВ хабар беришича, янги олий раҳбар сайлангунга қадар мамлакатни вақтинча уч кишидан иборат кенгаш бошқаради: Эрон президенти Масъуд Пизишкиён, суд ҳокимияти раҳбари Ғулом Ҳусайн Муҳсиний ва Конституцияни қўриқлаш кенгаши аъзоси — Алиризо Аърофий.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид