Ўзбекистон | 09:25
1810
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон элчихонаси Исроилдаги фуқароларга шошилинч тавсия берди

Минтақада вазиятнинг кескинлашуви фонида Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ватандошларни ҳушёрликка чақириб, хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш ва зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслик бўйича шошилинч тавсиялар билан чиқди.

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси фуқароларга Исроил ҳукумати томонидан белгиланган хавфсизлик чораларига қатъий амал қилиш, расмий кўрсатмаларга диққат билан риоя этиш ҳамда имкон қадар кейинги кўрсатмалар олингунга қадар махсус жиҳозланган хавфсиз ҳудудларда бўлишни тавсия қилди.

Дипломатик ваколатхона заруратсиз ҳолатларда кўчага чиқишни чеклаш, хотиржамликни сақлаш муҳимлигини таъкидлаган. Шунингдек, вазият барқарорлашгунга қадар Исроил ҳудудини вақтинча тарк этиш тавсия этилган.

Элчихона Исроил—Миср чегарасидаги тун-у кун ишлайдиган «Бегин» чегара ўтиш пунктига алоҳида эътибор қаратишни сўраган. Қайд этилишича, Ўзбекистон фуқароларининг Синай яриморолига кириши учун виза талаб қилинмайди. Чегарадан ўтишни тезлаштириш мақсадида чегара божларини олдиндан онлайн тарзда тўлаш тавсия этилмоқда.

Бошқа қуруқликдаги ўтиш пунктларидан фойдаланиш тавсия этилмайди: уларнинг иш вақти ўзгариши мумкинлиги сабаб, саёҳатни режалаштиришдан олдин долзарб маълумотларни аниқлаштириш зарурлиги урғуланган.

Элчихона фуқароларни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналарнинг расмий манбаларидаги янгиликларни мунтазам кузатиб боришга, шунингдек, Исроил хизматларининг огоҳлантиришлари ва тавсияларини инобатга олишга чақирди.

Фавқулодда вазиятларда қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилиш мумкин: 03-672-2466, 03-672-2371, 03-758-5075, 03-758-5076, +972 54 485 1397, шунингдек [email protected] электрон почтаси.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид