Соғлом ҳаёт | 16:03 / 04.03.2026
1961
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда саратонга қарши курашиш бўйича миллий дастур қабул қилинади

2026–2035 йилларда саратон касалликларига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон миллий дастурини амалга оширишга қаратилган қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда хавфли ўсмаларни эрта аниқлаш, беморларни замонавий ташхис ва даволаш билан қамраб олиш ҳамда яшовчанлик кўрсаткичларини ошириш каби мақсадлар белгиланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, “2026–2035 йилларда саратонга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон миллий дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси тайёрланган.

Лойиҳага кўра, 2026–2035 йилларда саратон касалликларига қарши курашишнинг асосий мақсадлари сифатида қуйидагилар белгиланмоқда:

  • хавфли ўсма касалликларини эрта босқичларда аниқлаш улушини 45 фоиздан 59 фоизгача ошириш;
  • хавфли ўсма касалликлари аниқланган беморларнинг беш йиллик яшовчанлигини 40 фоиздан 55 фоизгача етказиш;
  • онкологик беморларнинг камида 80 фоизини замонавий ташхислаш ва даволаш технологиялари билан қамраб олиш;
  • аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган ва олдини олиш мумкин бўлган саратон турлари — ўпка, бачадон бўйни, ошқозон ва жигар саратони билан касалланишни 5 фоизга камайтириш.

Шунингдек, Миллий дастур доирасида онкологик касалликларни эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш назарда тутилган.

Қайд этилишича, Республика ихтисослашган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказини Миллий онкология марказига айлантириш ҳам режалаштирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид