Жаҳон | 14:29
783
2 дақиқада ўқилади

“300 га 300”: Украина ва Россия ҳарбий асирлар алмашди

Украина президенти Володимир Зеленский Киев ва Москва ўртасида Женевада эришилган келишувларга мувофиқ ҳарбий асирлар алмашинувининг иккинчи босқичи бўлиб ўтганини маълум қилди. Украинага 300 нафар ҳарбий ва икки нафар фуқаро қайтди.

Фото: Telegram/Wolodymyr Selenskyj

Россия ва Украина “300 га 300” формуласи бўйича янги ҳарбий асирлар алмашинувини амалга оширди. Бу ҳақда 6 март, жума куни Украина президенти Володимир Зеленский хабар қилди. Бу маълумотни Россия Мудофаа вазирлиги ҳам тасдиқлади.

Зеленскийнинг айтишича, 300 нафар ҳарбий хизматчидан ташқари, Украинага икки нафар фуқаро ҳам қайтарилган. Унинг сўзларига кўра, уларнинг аксарияти Россия асирлигида бир йилдан кўпроқ вақт бўлган, айримлари эса 2022 йилдан бери асирликда сақланган. “Ҳар бирини ёдда тутамиз ва албатта барча одамларимизни қайтаришимиз керак”, — деб қўшимча қилди Украина президенти.

“Новая Газета. Европа” нашрига алмашинув жараёнида қатнашган “Наш выход” ҳаракати координатори Ирина Крининанинг айтишича, бу ҳарбийларнинг ярмидан бироз кўпроғи 2025 йилда, қолганлари эса 2024 йилда асирга тушган.

Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, алмашинув Америка Қўшма Штатлари ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) иштирокида ўтган. Идора қўшимча қилишича, ҳозирда Россия ҳарбий асирлари Беларус ҳудудида жойлашган.

5 март куни Россия ва Украина Женевадаги музокараларда эришилган келишувлар доирасида “200 га 200” формуласи бўйича ҳарбий асирлар алмашди. Бундан аввалги шундай алмашинув 2026 йил феврал бошида бўлиб ўтган эди — ўшанда Россия ва Украинага 157 нафардан ҳарбий асир қайтарилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид