Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ангренда дайди итлар ҳужуми оқибатида 8 ёшли бола ҳалок бўлди
Ангрен шаҳрида мактабдан қайтаётган 8 ёшли болани дайди итлар талаб ўлдиргани ҳақида хабар тарқалди. Вилоят ҳокимлиги ҳодиса ўрганилаётгани, шаҳарда дайди итларни тутиш ишлари кучайтирилганини маълум қилди. Kun.uz'га мурожаат қилган ангренликларга кўра, дайди итлар муаммоси анчадан бери бор, бу ҳақда масъул ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилинган.
Дайди итларни тутиш ишлари / Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги
Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида 8 ёшли бола дайди итлар ҳужумига учрагани ҳақида хабар тарқалди. Ижтимоий тармоқлардаги бу хабарларни вилоят ҳокимлиги ўрганмоқда.
Kun.uz'га алоқага чиққан ангренликлардан бирига кўра, бола онаси билан Ангрен шаҳрининг Истиқлол маҳалласида ижарада яшаб келган. У мактабдан уйига қайтиб келаётган пайтда, итлар уни талаб ташлагани айтиляпти.
Қўшниларнинг айтишича, мактабдан қайтиши кечикаётган ўғлидан хавотир олган она болани излаб чиққан ва уни оғир жароҳатлар билан топган. Аёлнинг ўзи ҳам бу ҳолатдан кейин аҳволи ёмонлашиб қолган.
Ҳокимлик изоҳи
Тошкент вилояти ҳокимлигининг 7 март кунги ахборотига кўра, ҳодиса юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан тезкор чора-тадбирлар ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
“Айни пайтда шаҳар ва вилоят ҳудудида дайди ҳайвонларни назорат қилиш, уларни тутиш ҳамда белгиланган махсус жойларда сақлаш ишлари кучайтирилди.
Чора-тадбирлар натижасида ўқувчи болани талаган ит ҳам Ангрен шаҳар ободонлаштириш бўлими дайди ҳайвонларни тутиш гуруҳи томонидан тутилди ва акт тузилиб, махсус сақлаш жойига олиб борилди”, – дейилади хабарда.
Қайд этилишича, куни кеча вилоят ҳокимлиги масъуллари иштирокидаги шошилинч муҳокамада мутасадди ташкилотлар – ободонлаштириш хизмати, ветеринария бўлими, санитария-епидемиологик осойишталик хизмати ҳамда бошқа масъул идораларга тезкор чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилган.
“Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, дайди ҳайвонларни тутиш ва зарарсизлантириш, келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур масала алоҳида назоратга олинган бўлиб, жамоатчилик хавфсизлигини таъминлаш борасида барча зарур чоралар кўрилади”, – дея маълум қилди Тошкент вилояти ҳокимлиги.
“Жуда кўп мурожаат қилганмиз”
Kun.uz билан боғланган мурожаатчига кўра, унинг фарзандлари ҳам шу ҳудуд орқали мактабга бориб-қайтади ва маҳаллада кўпчилик дайди итлардан хавотирда яшайди.
“Ангрен шаҳар ҳокимлигига, ободонлаштириш бошқармасига жуда кўп мурожаат қилганмиз. Ҳар сафар бир ташкилот бошқасига йўналтиради. Сурат ва видеоларини ҳам юборганман. Дайди итлар маҳаллалар ичига бемалол кириб келаверади”, дейди у.
Аҳоли вакилининг сўзларига кўра, ҳудудда эски боғлар ва ташландиқ қурилиш объектлари кўп бўлиб, масъуллар итларни ушлаш қийинлигини шу билан изоҳлаб келган. Айрим ҳолларда тутилган итлар ҳам қайта қўйиб юборилгани айтилмоқда.
“Январ охири – феврал ойларида ҳам бу масала бўйича шикоят қилганмиз. Орадан кўп ўтмай, фожиа бир боланинг ўлими билан тугади. Ҳаммамиз қўрқиб турамиз, болаларимиздан хавотир оламиз”, – дейди у.
Мавзуга оид
12:16
Президент педофил-рецидивистлар учун умрбод қамоқ жазоси киритилаётганига изоҳ берди
10:58
Ангрендаги фожиа ортидан: дайди итларга қарши чоралар кучайтирилди
15:46 / 06.03.2026
Қибрайда тақиқланган дори воситалари савдосига чек қўйилди
14:46 / 06.03.2026