Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Давлат департаменти дипломатларга Саудияни тарк этишни буюрди
Ўтган ҳафта Эрон дронларининг зарбаси Ар-Риёддаги АҚШ элчихонасида ёнғин келтириб чиқарган эди. Энди Давлат департаменти фавқулодда масалалар билан банд бўлмаган дипломатларга Саудия Арабистонини тарк этишни буюрди.
Фото: REUTERS/Stringer
Эрон билан уруш туфайли хавфсизлик соҳасидаги таҳдидлар сабаб, АҚШ Давлат департаменти Саудия Арабистонидаги Америка дипломатик миссияси ходимларининг бир қисмига мамлакатни мажбурий тарзда тарк этиш ҳақида кўрсатма берди. 8 март санасидаги фармойишда фавқулодда масалалар билан шуғулланмайдиган ходимлар, шунингдек элчихона ходимларининг оила аъзолари назарда тутилгани айтилган. Бу ҳақда дипломатик миссиянинг 9 март, душанба куни эълон қилинган баёнотида маълум қилинди.
Бундан бир неча кун олдин, 3 март куни, ушбу тоифадаги шахсларга мамлакатни ихтиёрий равишда тарк этишга рухсат берилган эди.
Давлат департаменти, шунингдек, АҚШ фуқароларини Саудия Арабистонига саёҳат режаларини яна бир бор қайта кўриб чиқишга чақирди. Бунда “Эрон дронлари ва ракеталарининг Америка манфаатларига зарба бериш хавфи, қуролли можаро, терроризм, чиқиб кетишга тақиқлар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги фаолиятни тартибга солувчи маҳаллий қонунлар” сабаб қилиб кўрсатилган.
28 февралдан бери АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш олиб бораётгани бошланганидан сўнг, Саудия Арабистони Эроннинг жавоб зарбалари нишонларидан бирига бир неча бор айланган.
3 март куни Ар-Риёддаги АҚШ элчихонаси биносига иккита дрон зарба берган. Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, у ерда “чекланган миқёсдаги ёнғин” юз берган, моддий зарар эса унчалик катта эмас деб баҳоланган.
Бироқ The Washington Post газетаси маълумотига кўра, бино жиддий шикастланган: томнинг бир қисми қулаб тушган, бинолар ичида эса кучли ёнғин чиққан.
Америкаликларга дарҳол хавфсиз жойга бекиниш ва кейинги огоҳлантиришгача дипломатик миссияга боришдан сақланиш тавсия қилинган.
Саудия Арабистонидан ташқари, Эрон Баҳрайн, Кувайт ва Бағдоддаги АҚШ элчихоналарига ҳам ҳужум қилган.
Мавзуга оид
15:02
АҚШ ҳарбий қўмондонлиги Эрондаги уруш бошидан бери 8 ҳарбийси ўлимини тасдиқлади
13:55
«Кислотали булутлар» ҳақидаги хабарлар илмий жиҳатдан асоссиз – Ўзгидромет
13:22
Эронда 175 киши ҳалок бўлган мактаб ҳудудига АҚШнинг Tomahawk ракетаси урилгани маълум бўлди
13:21