Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил яна Ғазони ўққа тутди: 6 нафар фаластинлик ҳалок бўлди
Якшанба куни Исроилнинг ҳаво ҳужуми ва танклардан ўққа тутиши натижасида олти нафар фаластинлик, жумладан икки нафар қизалоқ ҳалок бўлди.
Фото: Reuters
Ғазо соғлиқни сақлаш расмийларининг сўзларига кўра, ушбу икки алоҳида ҳужум Исроил ва АҚШ минтақада янги уруш бошлаганидан бери сектордаги энг қонли ҳодисалар бўлди.
Reuters нашрининг ёзишича, Исроилнинг биринчи ҳужуми Ғазо шаҳрининг ғарбий қисмидаги Ал-Азҳар университети яқинида бўлган. Ушбу зарбада тиббиёт ходимлари Муҳаммад Ҳамдуна, Муҳаммад Абу Шедеқ ва Аҳмед Лафилар ҳалок бўлган. Шифокорларнинг қўшимча қилишича, зарба ғазоликлар бошпана топган гавжум чодирли лагерлар яқинига берилган ва яна бир неча киши яраланган.
Исроил ҳарбийлари якшанба куни берган баёнотида, ҳеч қандай далил келтирмасдан, ўз аскарларига ҳужум қилишга тайёрланаётган Ҳамаснинг икки аъзоси йўқ қилинганини билдирди. Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ҳалок бўлганларни ўз аъзоси сифатида тан олмаган. Исроил ҳарбийлари уларнинг эҳтимолий ҳужумга алоқадорлигини тасдиқловчи далиллар бўйича Reuters’нинг сўровига изоҳ бермади.
Иккинчи алоҳида ҳужум – Ғазо секторининг марказий қисмидаги Нусайрат лагерида бўлди. «Ал-Авда» шифохонаси расмийларига кўра, ярим тундан сўнг Исроил танклари ўққа тутиши оқибатида камида уч киши, жумладан икки қизалоқ ҳалок бўлган. Шунингдек, ичида болалар ҳам бўлган 10 киши яраланган.
Тиббиёт ходимларининг айтишича, танк снарядлари Нусайратнинг ғарбий қисмида оилалар яшаётган чодирлар мажмуасига тушган.
Ушбу танк ҳужуми бўйича Исроил томонидан ҳозирча ҳеч қандай расмий муносабат билдирилмади.
Икки йиллик уруш Ғазонинг катта қисмини харобага айлантирди ва икки миллиондан ортиқ аҳолининг аксарият қисмини ўз ҳудудида кўчишга мажбур қилган.
Эронга қарши кампания бошланганидан буён Ғазога ҳужумлар сони камайганди. Шунга қарамай, Исроил кучлари ўтган ҳафта давомида ҳам бир неча фаластинликни ўлдирди.
Исроил ва Ҳамас 2025 йилнинг октябрь ойида АҚШ воситачилигида Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришган эди. Бироқ зўравонликлар деярли ҳар куни давом этмоқда. Ҳар икки томон ҳам сулҳ битимининг бузилишида бир-бирини айблаб келмоқда. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, октябрь ойидан бери Исроил зарбалари натижасида камида 640 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Исроил томони эса шу давр мобайнида Ғазода тўрт нафар аскар ўлдирилганини айтмоқда.
Ғазо икки йилдан ортиқ давом этаётган Исроил ҳужумлари натижасида яксон бўлган. Бу ҳужумлар оқибатида 72 000 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган ва анклавнинг катта қисми вайронага айланган.
Мавзуга оид
12:22
Ливан ва Эронда ҳужумлар қурбонлари сони қарийб 1600 нафарга етди
09:04
Эрон Форс кўрфазидаги нефт объектларига зарба бериш билан таҳдид қилди
08:57
Нефт нархи 2022 йилдан бери илк бор 100 доллардан ошди
22:15 / 08.03.2026