Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда яна ўсмирлар машина бошқариб юргани маълум бўлди
Уларнинг отаси фарзандларини тартибга чақириб қўйишни сўраб борган маҳалладошларга қўпол муносабатда бўлган. Бу ҳолат жамоатчиликка маълум бўлгач, ота 5 суткага қамалди, машиналардан бири жарима майдончасига олиб кетилди.
Фото: Видеодан кадр
Ўзбекистон йўлларида вояга етмаган шахсларнинг катта тезликда машина бошқариши давом этмоқда.
Тошкент шаҳрида 13 ёшли ўсмирлар автомобил рулига ўтириб, ички йўлларда катта тезликда ҳаракатлангани маълум бўлди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда болалар бир неча марта турли машиналар рулида ўтиргани, йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузганини кўриш мумкин.
Шундан кейин болалар яшайдиган маҳалла аҳолиси улар яшайдиган уйга шикоят қилиб борган. Аммо ўсмирларнинг отаси фарзандларини тартибга чақириб қўйишни сўраб келган маҳалладошларига ўта қўпол муносабатда бўлган.
Маълум бўлишича, болаларнинг отаси Нозим Азизов бўлиб, у мамлакатдаги йирик фармацевт тадбиркорлардан бири ҳисобланади.

Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқда кенг тарқалиб, муҳокамалар марказига чиққач, тегишли чоралар кўрилди.
8 март кунги суд қарорига кўра, 1981 йилда туғилган ушбу фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
«Мен 2026 йил 8 мартгача болаларимнинг қўлига калит бермаганман. Булар 2025 йил ноябр ё декабр ойларида рухсатимсиз чўнтагимдан калитни олиб, ювиб, кўчага олиб чиқиб кетишганди», – дейди у.
Унинг бу сўзлари эса эгизаклар мунтазам равишда машина миниб, қоидабузарликлар содир этиш билан машғул бўлгани ҳақидаги кўплаб видеоларга мос келмайди.
Болалар ҳайдаган машиналардан бири жарима майдончасига қўйилган. Манбаларга кўра, улар ҳайдаган бошқа машиналар ҳам жарима майдонига қўйилади.

«Бундай муносабат кўп ҳолларда ўсмирлар учун „бизга ҳамма нарса мумкин“ деган сигналга айланади. Катталар қонунбузарликка кўз юмса, болаларнинг хатарли хатти-ҳаракатларини оқласа ёки уларни танқиддан ҳимоя қилса, ўсмирларда жазосизлик ҳисси шаклланади», – дея қайд этди ИИВ.
Вазирлик сўнгги вақтларда Ўзбекистонда шундай ҳолатлар содир бўлаётгани, вояга етмаганлар машина бошқариб, йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузаётгани, айрим ота-оналар эса бу қонунбузарликка бефарқ қараётгани, бироқ бу каби ҳолатлар оқибатсиз қолмаслигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда 10-синф ўқувчиси Дониёр Турғунов BMW машинасида ЙПХ инспекторини уриб юборган ва ходим олган оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этганди. Ўсмирга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган.
Мавзуга оид
10:50 / 27.02.2026
«Атиги ўнта минималка» ҳақида мақтанган қоидабузар ҳам узр сўради
14:24 / 03.02.2026
Интернетда ҳақорат ва сўкиниш учун маъмурий жавобгарлик жорий этиш таклиф қилинмоқда
18:12 / 21.01.2026
Шахсга доир маълумотларга сунъий интеллект ёрдамида ноқонуний ишлов берганлик учун жавобгарлик белгиланди
19:06 / 26.12.2025