Спорт | 13:32
10387
9 дақиқада ўқилади

Эрон аёллар жамоаси футболчилари Осиё кубогида мадҳияни куйламади. Уларни «хоин»га чиқаришди

Кўпчилик, жумладан, Трамп ҳам уларни ватанда ўлим кутаётганидан хавотир билдирди ва Австралияни уларга бошпана беришга чақирди. Футболчилардан беш нафари жамоа қароргоҳидан қочиб кетган ва гуманитар виза олган.

Фото: Albert Perez / Getty Images

Ҳуқуқ фаоллари ва мухлислар Осиё кубогида иштирок этиш учун Австралияга борган Эрон аёллар жамоаси футболчиларининг хавфсизлигини таъминлашга чақирмоқда. Улар турнирнинг биринчи ўйинида миллий мадҳияни куйлашдан бош тортишгани учун спортчиларни Эронда оғир оқибатлар кутаётган бўлиши мумкинлигидан хавотирланишмоқда. 

Футбол бўйича Эрон аёллар жамоаси – Яқин Шарқнинг Осиё Кубогига йўлланма олган ягона жамоаси эди. Спортчилар турнирда иштирок этиш учун Австралияга учиб боришганида ҳали Исроил ва АҚШ Эронга қарши уруш бошламаганди.

2 март куни эронликлар турнирдаги илк ўйинини Жанубий Корея вакилларига қарши ўтказишди ва 0:3 ҳисобида ютқазишди. Миллий мадҳия куйланаётганида эронлик футболчи қизлар жим туришди, уларнинг айримлари кулиб қўйишди. Ушбу ҳолат видеоси ижтимоий тармоқларда ва сайтларда кенг тарқалди.

Спортчиларнинг бу ҳаракати айнан кимга қарши қаратилган норозилик ифодаси экани номаълум. Уларнинг ўзи ҳаракатлари юзасидан изоҳ бермаган. Аммо Эрондагилар футболчиларнинг бу ҳаракатини мамлакат ҳукуматига қарши чиқиш деб топишган, расмий нашрларда эса улар қаттиқ танқидга учраган, бу ҳолат «ҳаёсизликнинг энг юқори чўққиси» деб баҳоланганди. Давлат телеканалларидан бирининг бошловчиси Муҳаммад Ризо Шаҳбозий спортчиларни «шарафсизлик ва ватанпарварлик туйғуси йўқлиги» учун «қатъий» жазолашга чақирган. У футболчи қизларни «ҳарбий даврдаги хоинлар»га чиқарган.

Эронда спортчилар қаттиқ танқидга учраши ҳуқуқ ҳимоячилари, мухлислар ҳамда Австралиядаги эронликлар диаспораси вакилларини жиддий хавотирга солмоқда. Айримлар агар қизлар ватанга қайтишса, уларга давлатга хиёнат айблови қўйилиши ҳамда қатл ҳукми чиқарилишидан хавфсирамоқда.

Вазиятни спортчиларнинг ўзлари қандай баҳолаши ва улар ўзларини ҳимояга муҳтож деб ҳисоблайдими ёки йўқми, буниси ҳам номаълум. Улар на журналистлар ва на ҳуқуқ ҳимоячилари билан мулоқот қилишмоқда.

Австралияга қарши иккинчи тур ўйинида ва Филиппинга қарши учинчи ўйин аввалида ҳам эронликлар жамоаси миллий мадҳия қўйилганида ҳарбийча салом (чест) беришди ва мадҳияни куйлашди. Тахминларга кўра, футболчиларни бунга Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг Эрон делегациясига ҳамроҳлик қилаётган ходимлари мажбур қилган.

Эрон футболчилари Филиппин билан ўйин олдидан мадҳияни куйлади ва ҳарбий салом берди. 2026 йил 8 март. Голд-Кост, Австралия
Matthew Starling / Sport Press Photo / ZUMA Press / Scanpix / LETA

Ҳуқуқ ҳимоячиси ва Австралия эркаклар жамоасининг собиқ сардори Крейг Фостер CNN билан суҳбатда «кўплаб ташкилотлар» спортчилар билан гаплашишга ҳаракат қилишгани, бироқ уларга рухсат берилмаганини айтиб ўтди. У Эрон делегацияси аъзолари спортчиларни «гаровда» ушлаб тургани, уларга Австралиядаги Эрон диаспораси вакиллари, қариндошлари, дўстлари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳуқуқшунослар билан мулоқот қилиш тақиқланганини қўшимча қилган.

«Уларнинг хавфсизлиги борасида барчамизда асосли ва жиддий хавотирлар бор. ФИФА шафелигидаги турнирда иштирок этадиган ҳар қандай жамоа хавфсизлик ва қўллаб-қувватлаш ҳуқуқига эга бўлиши керак», – дея унинг сўзларини келтиради BBC News. Фостер Осиё Кубогидан чиқиб кетган Эрон жамоаси футболчиларининг саломатлиги учун Осиё футбол конфедерацияси масъул ҳисобланишини таъкидлаган. «Австралия футбол ҳамжамияти биринчи навбатда футболчиларга хавфсиз қўллаб-қувватлаш тармоқларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этишни сўрамоқда, шунда улар ўзларини хавф остида ҳис қилишганида махфий равишда хабар бериши ва ўз истаклари ҳақида гапириши мумкин», – деб ҳисоблайди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Филиппин билан ўйинда эронлик мухлислар шоҳ бошқаруви давридаги байроқларни кўтаришди.
Фото: Getty Images

Футболчиларни ҳимоя қилиш ва агар спортчилар мамлакатда қолишни исташса, бошпана бериш тартибини соддалаштириш талаби билан очилган петицияни 60 мингдан ортиқ киши имзолаган. Маҳаллий диаспора Австралия расмийларини спортчиларни Эрон делегацияси амалдорларидан ажратиб олишга ва улар билан тўғридан тўғри мулоқот қилишга чақирди. Эроннинг сўнгги шоҳининг ўғли, АҚШда яшовчи Ризо Паҳлавий ҳам Австралия ҳукуматини Эрон жамоаси аъзоларининг хавфсизлигини таъминлашга чақирган.

9 март куни АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам футболчилар тақдири ҳақида қайғуриб, баёнотлар берди. «Австралия Эрон аёллар жамоасини Эронга мажбуран қайтариш орқали даҳшатли гуманитар хатога йўл қўяди, у ерда уларни ўлдиришлари мумкин», – дея ёзган у Truth Social ижтимоий тармоғида. Трамп мамлакат бош вазири Энтони Албанизни уларга бошпана тақдим этишга чақирган, агар Австралия бундай йўл тутмайдиган бўлса, спортчиларни «АҚШ қабул қилиши»га ваъда берган.

Австралия ташқи ишлар вазири Пенни Вонг Эрон жамоаси аъзолари ҳақидаги саволга жавобан мамлакат «Эроннинг жасур халқини мустабид тузумга қарши курашда қўллаб-қувватлаши» ҳамда эронлик аёллар ва қизлар билан бирдам эканини маълум қилиш билан чекланди.

The Guardian билан суҳбатлашган экспертлар Австралия ҳукумати эронлик спортчи қизларга ёрдам бериши учун уларнинг ўзи бошпана сўраб мурожаат қилиши лозимлигини таъкидлаган. Аммо эронлик футболчилар буни хоҳламаяпти ёки мамлакат расмийлари туфайли бундай қила олмаяпти.

Футболчиларнинг ўзлари Австралияда қолишни исташ-истамасликлари номаълум. 8 март куни Филиппинга қарши ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Эрон жамоаси бош мураббийи Марзия Жафари шундай деди: «Биз қайтишни интиқлик билан кутмоқдамиз. Шахсан мен имкон қадар тезроқ ўз юртимга қайтиб, ватандошларим ва оилам билан бирга бўлишни истардим».

Фостернинг қайд этишича, эронлик спортчиларнинг кўпчилигини уйда оиласи кутмоқда, айримларининг фарзандлари Эронда қолган, бу эса уларни ожиз аҳволда қолдиради. Унинг сўзларига кўра, футболчиларда Австралияда қолиш имконияти бўлса ҳам, уларнинг кўпчилиги бундан бош тортиши мумкин.

8 март куни юзлаб мухлислар жамоа автобусининг йўлини тўсишди ва «Қизларимизни қутқаринг» дея ҳайқиришди. Уларнинг тасдиқлашича, автобусдаги спортчилардан камида уч нафари ёрдамга муҳтожлигини англатувчи халқаро жестни кўрсатган. Гап кафтни кўтариб, бош бармоқни босиш ва қолган тўрт бармоқни очиб букиш орқали, хавф остида эканини кўрсатишнинг сезилмас усули ҳақида кетмоқда. Бироқ, CNN’нинг жамоага яқин бўлган манбаси футболчилар бундай сигнал нимани англатишидан хабардор эканига шубҳа билдирган.

9 март куни мухлислар эронлик футболчилар истиқомат қилаётган меҳмонхонага келишган. BBC News хабарига кўра, меҳмонхонада хавфсизлик чоралари кучайтирилганди: қабулхонада полиция навбатчиликда турган. Шу билан бирга, бинода футболчилардан ҳеч бири кўриниш бермаган, фақат Эрон делегациясининг бошқа аъзолари меҳмонхонанинг умумий залида туришган.

Уруш туфайли Эрон билан авиақатновлар тўхтатилганига қарамай, мухлислар ва ҳуқуқ фаоллари футболчиларни Хитой, Россия ёки Малайзия каби учинчи мамлакат орқали олиб кетишлари мумкинлигидан хавотирланишмоқда.

Кейинроқ Эрон аёллар жамоасининг беш нафар футболчиси меҳмонхонани тарк этгани ва хавфсизликда экани маълум қилинди. Ҳуқуқ фаоли, Австралиядаги эронликлар диаспораси вакили Ҳоди Каримий улар жамоа қароргоҳидан қочиб чиққанини айтган.

Трамп ҳам Австралия бош вазири билан футболчилар ҳақида гаплашганини маълум қилди. У беш спортчи хавфсизликда эканини тасдиқлаб, «қолганлар ҳам шунга ҳаракатда экани» ҳақида ёзган. «Айримлар, афтидан, қайтиш керак деб ҳисобламоқда, чунки улар ўз оилалари учун қайғуришмоқда: уларнинг қариндошларига таҳдид қилишган», – дея қўшимча қилган АҚШ президенти ва Австралия ҳукуматининг бу борадаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берган.

10 март куни эса Австралия ички ишлар вазири Тони Бёрк Эрон аёллар жамоасининг беш нафар футболчисига гуманитар виза берилганини маълум қилди. «Кеча кечқурун мен Эрон аёллар футбол жамоасидаги беш нафар аёлга Австралияда қолишлари, хавфсиз бўлишлари ва бу ерда ўз уйларига эга бўлишлари мумкинлигини айтдим», – деб ёзди вазир ўзининг X саҳифасида ва футболчилар билан бирга тушган суратини эълон қилди.

Фото: X / @Tony_Burke

Вазир Эрон аёллар жамоасининг бошқа аъзоларида ҳам гуманитар виза олиш имконияти борлигини, уларга мамлакатда қолишга рухсат берилганини маълум қилган.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид