Жаҳон | 17:22
2447
2 дақиқада ўқилади

АҚШдан яна 65 нафар ўзбекистонлик депорт қилинди – элчихона

Маълум қилинишича, 11 март куни амалга оширилган рейс билан 65 нафар фуқаро давлатдан чиқариб юборилган. Доналд Трамп президентликка қайтганидан бери депорт қилинган Ўзбекистон фуқаролари сони мингдан ошди, дейди элчихона.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар беришича, 11 март куни 65 нафар фуқаро мамлакатдан чиқариб юборилган. Депортация қилинганлардан иборат парвоз АҚШнинг ўз чегаралари хавфсизлигини таъминлаш доирасида ташкил қилинди, дейилади элчихона хабарида.

Президент Трамп лавозимга киришганидан буён Қўшма Штатлар ноқонуний иммиграцияга чек қўйишга ҳамда ўз чегаралари ва фуқароларини ҳимоя қилишга қаратилган ўз мажбуриятлари доирасида 1000 дан зиёд Ўзбекистон фуқароларини депортация қилди” – АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

Шунингдек, дипломатик идора хабарида АҚШга ноқонуний кирган шахслар қамоқ жазосига тортилиши ҳамда оқибатда ушбу мамлакатдан барибир чиқариб юборилиши эслатилган. Элчихона АҚШнинг депортация тадбирларини ўтказишда яқиндан ҳамкорлик қилаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматига ўзининг чуқур миннатдорлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, дастлаб депортация қилинган фуқаролар сони 72 нафар экани билдирилганди, бироқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихонанинг қайта аниқлаштиришича АҚШдан ушбу парвоз билан чиқариб юборилган ўзбекистонликлар сони 65 нафарни ташкил қилган.

Шоҳрух Мажидов
Тайёрлаган Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид