Жаҳон | 07:16
9239
4 дақиқада ўқилади

Жаҳон рекордларини янгилайдиган 5 улкан иншоот

Бугун дунёнинг турли қитъаларида мегаиншоотларнинг янги авлоди барпо этилмоқда — уларнинг ҳар бири баландлик, кўлам ёки қурилишдаги технологик инновациялар бўйича узоқ йиллик жаҳон рекордларини янгилашга қаратилган.

Jeddah Tower Фото: Jeddah Now

1. Jeddah Tower, Саудия Арабистони

Jeddah Tower минораси қурилиши якунланганидан сўнг дунёдаги энг баланд бино унвонини олишга тайёрланмоқда; унинг битказилиши тахминан 2028 йилга режалаштирилган. Кутилишича, унинг баландлиги 1000 метрга етади ва бу Бурж-Халифадан 170 метрдан ортиқ баланд бўлади. Шу тариқа у тарихда биринчи бўлиб бир километрлик маррани босиб ўтган иншоотга айланади.

“Вертикал шаҳар” сифатида ўйлаб топилган бу минора 200 дан ортиқ қаватда офис майдонлари, ҳашаматли турар жойлар ва беш юлдузли меҳмонхонани бирлаштиради. Мислсиз баландлик муҳандислар олдига ўта кучли шамол юкламалари, материаллардаги улкан зўриқишлар ва ниҳоятда мураккаб лифт тизимлари каби вазифаларни қўяди, бу эса лойиҳани тарихдаги энг улкан муҳандислик ташаббусларидан бирига айлантиради.

Фото: NMDC

2. “Мукааб”, Ар-Риёд, Саудия Арабистони

Рекордчи бинолар ҳақида гап кетганда, одамлар одатда баландликни ўйлашади. Бироқ “Мукааб” (The Mukaab) ҳажм бўйича дунёдаги энг йирик бино бўлади. Унинг улкан кубсимон шакли 1,4 миллион квадрат метр майдонни қамраб олади ва битта том остида тўлиқ автоном шаҳар кварталини яратади. Кўлами жиҳатидан бу иншоот ҳатто Boeing Everett Factory заводидан ҳам устун келади.

Ар-Риёддаги янги New Murabba тумани марказида жойлашган ушбу лойиҳа 2030 йилга — Riyadh Expo очилишига қадар тугалланиши режалаштирилган. У логистика, иқлимни назорат қилиш, транспорт тизимлари ва одамлар оқимини бошқариш чегараларини кенгайтиради: бунга ўхшаш лойиҳа дунёда ҳали барпо этилмаган.

Фото: Binghatti Developers

3. Burj Binghatti, Дубай, БАА

Дубайдаги Burj Binghatti фақат турар жой мақсадида қурилган дунёдаги энг баланд осмонўпар бинога айланиш арафасида турибди; унинг баландлиги тахминан 557 метр бўлиши кутилмоқда. Бу унга тўлиқ турар жой сифатида мўлжалланган бинолар тоифасида Ню-Йоркдаги Central Park Tower’ни ортда қолдириш имконини беради.

Қурилиш ишлари давом этмоқда, уни якунлаш эса 2026 йил охирига мўлжалланган. Бу ултраҳашаматли осмонўпар бино Дубайнинг вертикал ноёбликка бўлган доимий интилишини ифодалайди. Унинг нозик, юқорига интилган шакли ва безакли “тож” қисми жиддий муҳандислик муаммоларини келтириб чиқаради — айниқса тебранишларни компенсация қилиш ва ўта баландликда яшовчилар қулайлигини таъминлаш масаласида.

Фото: Getty Images

4. Atlassian Central, Австралия

Бугун иқлим хатарларига бардошлилик устувор масалага айланмоқда ва қурилиш саноати бу чақириққа аллақачон жавоб қайтармоқда. Atlassian Central экологик жиҳатдан барқарор осмонўпар бинолар учун янги стандарт ўрнатади ва дунёдаги энг баланд гибрид ёғоч минорага айланади.

Катта ҳажмли ёғочни пўлат ва бетон билан уйғунлаштириш қурилишнинг углерод изини сезиларли даражада камайтиради, шу билан бирга конструкциянинг юқори мустаҳкамлигини сақлаб қолади.

Бино аллақачон тахминан ярмигача қуриб бўлинган ва 2026 йил охирида очилиши кутилмоқда. Бу лойиҳа паст углеродли баланд қаватли қурилишга ўтиш рамзи бўлиб, рекордчи архитектура экологик мақсадларга ҳам хизмат қилиши мумкинлигини исботлайди.

Фото: Getty Images

5. Саграда Фамилия, Барселона, Испания

Барселонадаги Саграда Фамилия ибодатхонаси бир асрдан ортиқ давом этган қурилишдан кейин ниҳоясига яқинлашмоқда. Марказий минора устидаги ишлар тугаллангач, ибодатхонанинг баландлиги тахминан 163 метрга етади ва бу уни дунёдаги энг баланд черковга айлантириб, Антонио Гаудининг дастлабки ниятини рўёбга чиқаради.

Асосий конструктив ишлар 2026 йилда — Гауди вафотининг юз йиллигига якунланди. Ибодатхона қурилиши ҳали ҳам давом этмоқда: безак элементлари ушбу санадан кейин ҳам ишлаб чиқилади. Бироқ марказий миноранинг тугалланиши бинога тарихий ва меъморий бурилиш нуқтаси сифатидаги мақомни узил-кесил мустаҳкамлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид