Жаҳон | 07:32
2648
4 дақиқада ўқилади

Осмонўпар бинолар пойгаси: дунёдаги энг баланд 20 та иншоот 

Баландлик учун кураш сайёрадаги энг танилган шаҳар иншоотларидан айримларини яратди, аммо бир минора қолганларининг барчасидан анча юқори туради. Баландлиги 828 метр бўлган Дубайдаги Бурж-Халифа ҳозиргача иккинчи ўриндаги бинодан қарийб 150 метр баландлигича қолмоқда.

Фото: Shutterstock

2026 йил апрел ҳолатига кўра дунёдаги энг баланд 20 та бино ҳақидаги маълумотлар Council on Vertical Urbanism асосида тайёрланган. Баландликни ҳисоблашда шпил каби архитектуравий элементлар инобатга олинган, аммо антенна ва байроқ устуни каби ўзгартирилиши мумкин бўлган конструкциялар ҳисобга киритилмаган.

Бурж-Халифа 2010 йилдан буён дунёдаги энг баланд бино мақомини сақлаб келмоқда ва ҳозир ҳам катта фарқ билан пешқадам. Баландлиги 828 метр бўлган ушбу минора Куала-Лумпурда жойлашган, иккинчи ўринни эгаллаган Merdeka 118 биносидан қарийб 150 метр баланд. Бу эса, янги ўта баланд осмонўпар бинолар пайдо бўлаётганига қарамай, унинг ҳамон устунлигини кўрсатади.

Бурж-Халифа Яқин Шарқдаги ягона улкан иншоот эмас. Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган Makkah Royal Clock Tower минораси 601 метрга етади ва дунёда тўртинчи ўринни эгаллайди.

Бундан ташқари, Саудия Арабистони Бурж-Халифани рейтинг чўққисидан туширишни мақсад қилган. 2013 йилдан буён Жидда порт шаҳрида Jeddah Tower қурилиши олиб борилмоқда ва уни 2028 йил бошида очиш режалаштирилган. Баландлиги тахминан бир километр бўлиши кутилган ушбу иншоот қуриб битказилгач, сайёрадаги энг баланд бино бўлади.

Осиё бир неча ўн йилдан буён жаҳон “осмонўпар бинолар пойгаси”да етакчилик қилиб келмоқда. Бурилиш нуқтаси 1998 йилда юз берган, ўшанда Куала-Лумпурдаги Petronas Twin Towers (452 метр) Чикагодаги Sears Tower'дан ўзиб кетиб, энг баланд бино унвонини Осиёга олиб ўтган эди.

Шундан бери Малайзияда янада баланд бинолар пайдо бўлди, уларга минтақанинг бошқа давлатлари — Жанубий Корея, Тайван ва Ветнам осмонўпар бинолари ҳам қўшилди. Аммо бу борада ҳеч ким Хитой билан тенглаша олмайди: бугунги кунда Хитойда кейинги ўн бир давлатнинг жамига қараганда ҳам кўпроқ осмонўпар бинолар мавжуд. Ҳонгконгдаги International Commerce Centre (484 метр)ни ҳам қўшганда, биринчи йигирматаликдаги биноларнинг қарийб ярми айнан Хитойда жойлашган.

2015 йилда қурилган Shanghai Tower (632 метр) Хитойдаги энг баланд бино бўлиб, дунёда учинчи ўринни эгаллайди. 2021 йилдан бери унда дунёдаги энг баланд ер усти люкс меҳмонхонаси — J Hotel Shanghai Tower фаолият юритмоқда.

Дунёдаги энг баланд 20 та бинодан фақат учтаси Осиёдан ташқарида жойлашган: иккитаси — Ню-Йоркда, биттаси эса — Санкт-Петербургда.

One World Trade Center минораси, 2001 йил 11 сентябр терактлари билан боғлиқлиги туфайли “Озодлик минораси” номи билан ҳам танилган, 1776 фут (541 метр) баландликка эга. Бу рақам АҚШ Мустақиллик декларацияси қабул қилинган йилга рамзий ишорадир. У Ғарбий яримшардаги энг баланд бино ҳисобланади. Шунингдек, Ню-Йоркда Central Park Tower ҳам жойлашган бўлиб, у дунёдаги энг баланд турар жой осмонўпар биносидир (472 метр).

Санкт-Петербургдаги Лахта маркази эса 462 метр баландлик билан Европадаги энг баланд бино бўлиб қолмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид