Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп жамоаси аъзоларидан бири урушга норозилик билдириб, истеъфо берди
Фото: Getty Images
АҚШ Миллий аксилтеррор маркази директори Жо Кент ўз лавозимини тарк этаётганини маълум қилди. У бундай қарорга келишига Эронга қарши уруш сабаб бўлганини маълум қилган.
Доналд Трамп маъмуриятида терроризмга қарши курашни мувофиқлаштиришга масъул бўлган 45 ёшли Кент Оқ уйни «курсни ўзгартириш»га чақирди.
Жо Кент Трамп жамоаси аъзоси бўлган, унинг номзоди АҚШ Сенати томонидан ўтган йилнинг июл ойида Миллий аксилтеррор маркази раҳбари лавозимига тасдиқланган.
«Эронда давом этаётган урушни виждонан қўллаб-қувватлай олмайман. Эрон мамлакатимизга бевосита таҳдид солмаётганди ва биз бу урушни Исроил ва унинг Америкадаги қудратли лоббиси босими остида бошлаганимиз аниқ», – дея Х ижтимоий тармоғи орқали президентга мурожаат қилган у.
У постга истеъфога чиқиш тўғрисида Доналд Трамп номига ёзилган аризанинг нусхасини илова қилган.
After much reflection, I have decided to resign from my position as Director of the National Counterterrorism Center, effective today.
— Joe Kent (@joekent16jan19) March 17, 2026
I cannot in good conscience support the ongoing war in Iran. Iran posed no imminent threat to our nation, and it is clear that we started this… pic.twitter.com/prtu86DpEr
«2025 йил июнига қадар сиз Яқин Шарқдаги урушлар – Америка ватанпарварларимизнинг қимматбаҳо ҳаётидан маҳрум бўлган, мамлакат бойлиги ва фаровонлигини қурбон қилган тузоқ эканини тушундингиз. 11 марта жанговар ҳаракатларда қатнашган фахрий ва Исроил уюштирган урушда севимли рафиқаси Шеннондан айрилган, Олтин Юлдуз кавалерининг турмуш ўртоғи сифатида мен Америка халқига ҳеч қандай фойда келтирмайдиган урушда янги авлодни ўлимга юборишни қўллаб-қувватлай олмайман», – дея давом этади Кент.
Кент – Марказий разведка бошқармасининг махсус топшириқли кучлари фахрийси. Унинг ҳарбий-денгиз кучларида криптолог бўлиб хизмат қилган рафиқаси Шеннон Кент 2019 йилда Сурияда худкуш ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган.
Кент «Исроилнинг юқори мартабали амалдорлари» ва нуфузли америкалик журналистлар Трамп маъмуриятининг «Америка ҳамма нарсадан устун» сиёсатига путур етказган «нотўғри маълумотлар» тарқатганини ҳам таъкидлаган.
Ҳозирча Доналд Трамп бу истеъфо юзасидан муносабат билдирмади.
Кент ҳақида яна нималар маълум?
Кент – Трамп маъмуриятининг Эрон билан уруш туфайли истеъфо бераётган биринчи мулозими, шунингдек, АҚШнинг амалдаги сиёсатига қўшилмаслигини очиқчасига билдираётган кам сонли расмийлардан бири бўлмоқда.
Жо Кент муқаддам икки марта Конгресс учун сайловларда муваффақиятсизликка учраган, ўтган йилнинг июлида эса кичик устунлик билан Миллий аксилтеррор маркази раҳбари лавозимига тасдиқланган эди.
Кўпчилик демократлар унинг экстремистик гуруҳлар, жумладан, Proud Boys («Мағрур йигитлар») ташкилоти аъзолари билан алоқаси борлигини даъво қилишган.
Ўз номзодини тасдиқлаш бўйича эшитувлар вақтида Кент федерал агентлар гўёки 6 январ куни Капитолийда тартибсизликларни қўзғатгани ҳақидаги даъволаридан, шунингдек, Трампнинг 2020 йилги сайловларда ғалаба қозонгани ҳақидаги даъволаридан воз кечмаган.
Бунгача Кент АҚШ қуролли кучлари таркибида 11 марта хорижга хизмат сафарига юборилган, жумладан, АҚШ армиясининг Ироқдаги махсус кучлари бўлинмаларида хизмат қилган.
Маълумот учун, Миллий аксилтеррор маркази Марказий разведка бошқармаси, Федерал қидирув бюроси, Пентагон ва Ички хавфсизлик вазирлиги ходимларини бирлаштиради ҳамда АҚШ миллий разведкаси директори Талси Габбард идораси таркибига киради. Жо Кент Габбарднинг асосий маслаҳатчиси ҳисобланган ва ҳозирги АҚШ маъмурияти аъзолари орасида вазминроқ ташқи сиёсат тарафдорларидан бири бўлган.
Доналд Трамп маъмуриятида Эрон билан уруш бўйича қарашлар иккига ажралган. Масалан, Трампнинг ўзи вице-президент Жей Ди Вэнс билан бу борада «фалсафий келишмовчиликлар» бўлганини тан олди. У ўз чиқишларида ислом республикасига ҳужумни қўллаб-қувватлаган, аммо ёпиқ эшиклар ортида бунга фаол равишда қарши чиққан ва АҚШнинг янги урушларни бошлашдан кўра ички ишларга эътибор қаратиши кераклигини таъкидлаган.
Мавзуга оид
22:13 / 17.03.2026
Эрон миллий жамоаси ЖЧ-2026 ўйинларини Мексикада ўтказиш бўйича музокара олиб бормоқда
22:12 / 17.03.2026
БМТ Эрондаги уруш туфайли дунёда рекорд даражадаги очарчилик ҳақида огоҳлантирди
20:02 / 17.03.2026
Эроннинг янги олий раҳбари АҚШ билан музокаралар таклифини рад этди
19:16 / 17.03.2026