Жамият | 16:36
2609
2 дақиқада ўқилади

Бир гуруҳ ҳатайликлар Наврўзни Ўзбекистонда нишонламоқда

Туркиянинг Ҳатай вилояти ҳокими ўринбосари Меҳмет Турал бошчилигидаги 200 нафарга яқин ҳатайликлардан иборат делегация Андижонга келди. Улар учун Андижон–Самарқанд–Хива йўналиши бўйлаб 5 кунлик саёҳат дастури ташкил этилган.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Туркиянинг Ҳатай вилояти делегацияси Ўзбекистонга сафарини бошлади. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида Туркия томони билан музокаралар олиб борилиб, Ҳатай вилояти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини 20-24 март кунлари ташкил этишга келишилган. Келишув доирасида Ҳатай вилояти ҳокими ўринбосари Меҳмет Турал бошчилигида 200 га яқин ҳатайликлардан иборат делегация Андижонга келди.

Меҳмонлар аэропортда тантанали кутиб олинган. Улар вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов билан биргаликда Бобур шаҳрида бўлиб ўтган Наврўз байрамида иштирок этган. Шунингдек, уларни ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, тарихий-маданий обидалари билан таништириш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, ўзбек халқининг зилзиладан жабр кўрган қардош турк халқига ёрдами ўлароқ Туркиянинг Ҳатай вилоятида қурилган “Ўзбекистон” турар жой мажмуасини январ ойи охирида икки давлат президентлари тантанали тарзда очиб беришганди. Ўшанда президент Шавкат Мирзиёев Ҳатай аҳолисини Наврўз байрамида Ўзбекистонга 5 кунга олиб келишни ва Андижон-Самарқанд-Хива йўналишида саёҳат қилдиришни таклиф этганди.  

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид