Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинада уруш учун пул июнгача қолган
Украинага донорлар томонидан ажратилиши керак бўлган ўнлаб миллиард евролик ёрдам хавф остида қолмоқда. Bloomberg ёзишича, Киевда Россия агрессиясига қарши мудофаа учун атиги икки ойлик маблағ қолган.
Украина яқин орада Россия ҳарбий агрессиясига қарши мудофаа учун маблағсиз қолиш хавфига дуч келмоқда, деб ёзди Bloomberg агентлиги 27 март, жума куни. Украина ва хорижлик расмийлар махфийлик шарти билан агентликка маълум қилишича, Киевда жанг ҳаракатларини фақат июнгача давом эттириш учун етарли маблағ қолган. Бундай шароитда иттифоқчилар ёрдами ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда, аммо ўнлаб миллиард евролик ёрдам ажратилиши бир қатор ноқулай омиллар туфайли хавф остида қолган.
Жумладан, Венгрия Европа Иттифоқининг Украинага 90 миллиард евро миқдорида қарз ажратишини тўсиб турибди ва аввал Россиядан Венгрияга нефт етказиб берилган “Дружба” нефт қувурини таъмирлашни талаб қилмоқда. Халқаро валюта жамғармаси ёрдами билан боғлиқ муаммолар ҳам юзага келган — бунга Олий рада ҳалигача ХВЖ талаб қилаётган қонунчиликка тузатишларни қабул қилмагани сабаб бўлган. Бундан ташқари, НАТОдаги айрим иттифоқчилар Америка қуролларини PURL дастури доирасида сотиб олиш учун янги молиялаштириш ажратишни истамаётгани ҳақида Bloomberg агентлигига Украинанинг алянсдаги доимий вакили Алена Гетманчук айтган.
Шу билан бирга, Киев ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилда Украина Қуролли кучлари учун АҚШдан қурол-яроғ сотиб олишга 15 миллиард доллар талаб этилади. Умуман олганда, 2026 йилда мамлакатга 52 миллиард доллар ташқи ёрдам керак бўлади.
Айни пайтда, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши қарийб бир ойдан бери давом этаётган ҳарбий операцияси ҳамда унинг ортидан жаҳон энергия ташувчилари нархларининг ўсиши сабаб Россия бюджети даромадлари сезиларли равишда ошди. АҚШ 12 март куни Россия нефтига нисбатан санкцияларни вақтинча юмшатди. Бу қарор, жумладан, Германия канцлери Фридрих Мерц томонидан танқид қилинди.
АҚШ молия вазири Скотт Бессент 22 март куни Москва Эрондаги уруш ортидан 2 миллиард долларгача даромад қилиши мумкинлигини тан олди. Шу билан бирга, у Россия ва Эронга қарши санкцияларни юмшатиш нефт нархининг бир баррел учун 150 долларгача сакраб кетишининг олдини олиш мақсадида қилинганини айтди. Бессент сўзларига кўра, акс ҳолда бу мамлакатлар янада кўпроқ даромад топиши мумкин эди.
26 март куни Россия ҳукумати бош вазир ўринбосари Александр Новак талаб ошгани сабаб Россия ўз нефти ва нефт маҳсулотларини энди ё нол дисконт билан, ёки ҳатто устама билан сота бошлаганини билдирди. Шу билан бирга, унинг айтишича, Эрон блокадаси туфайли кўплаб нефт танкерлари Ҳўрмуз бўғозида қолиб кетгани боис фрахт харажатлари ҳам ошган.