Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШдан депортация қилинган мигрантларни Конго ДР қабул қилади
Мамлакат пойтахти Киншаса яқинида депортация қилинганларни жойлаштириш учун бинолар тайёрланди.
Конго Демократик Республикаси АҚШ билан янги келишув доирасида Қўшма Штатлардан депортация қилинган учинчи давлат фуқароларини қабул қилади. Бу ҳақда Reuters Конго ҳукумати баёнотига таяниб ёзди.
Ҳукумат баёнотида айтилишича, Конго депортация қилинганларни апрель ойидан қабул қилишни бошлайди. Шу билан бирга, нашр мамлакат айнан қанча одамни қабул қилишига аниқлик киритмаган.
Мамлакат пойтахти Киншаса яқинида депортация қилинганларни жойлаштириш учун бинолар тайёрланди. Конго, хусусан, Гана, Камерун, Экватор Гвинеяси ва Эсватини фуқароларини қабул қилади. Агентликнинг қайд этишича, ушбу келишув ҳуқуқшунослар ва ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан танқид қилинган.
Конго ҳукумати депортация харажатларини АҚШ ўз зиммасига олишини таъкидлади. Reuters’нинг қайд этишича, мамлакатлар ўртасидаги келишув Конго ДР ва Руанда ўртасида Вашингтон воситачилигида имзоланган ва АҚШнинг Конгодаги энг муҳим фойдали қазилмаларга киришини ўз ичига олган тинчлик келишувининг амалга оширилиши фонида қабул қилинган.
АҚШ президенти Доналд Трамп сайловолди кампанияси давомида ноқонуний мигрантларни мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича тарихдаги энг йирик операцияни ваъда берган эди.
Июнь ойида Трамп 12 давлат - Афғонистон, Мянма, Чад, Конго, Экватор Гвинеяси, Эритрея, Ҳаити, Эрон, Ливия, Сомали, Судан ва Яман фуқароларининг киришини тақиқловчи декларацияни имзолади. АҚШ ҳукумати ушбу мамлакатларни маълумотларни текшириш соҳасида етарлича самарали эмас деб ҳисоблайди ва уларни юқори хавф тоифасига киритади.
Март ойида The Wall Street Journal Трамп маслаҳатчиларига иммиграция сиёсатига ёндашувни ўзгартиришни буюрганини ёзган эди, чунки оммавий депортациянинг айрим чоралари «ҳаддан ошиб кетган».
Мавзуга оид
09:59
«Apache» вертолётини Эрон дрони уриб туширгани маълум бўлди. АҚШ ва Эрон яна зарбалар алмашди
09:30
«Артемида-3» учун астронавтлар танланди
09:15
АҚШ Конгресси миграция хизмати учун 70 миллиард доллар ажратди
21:33 / 09.06.2026