Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда президентга хорижда армия қўллаш бўйича янги ваколат берилади
Биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаси армияни хориж судлари қарори билан ҳибсга олинган ёки ушлаб турилган россияликларни “ҳимоя қилиш” учун жалб этишга рухсат беради.
Россия Давлат думаси президент қарорига кўра, суд таъқибига учраётган россияликларни ҳимоя қилиш учун хорижда қуролли кучлардан фойдаланиш имконини берувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси сайтида 14 апрель, сешанба куни хабар берилди.
Қонун лойиҳаси учун 413 нафар депутат овоз берди, қарши чиққанлар ҳам, бетараф қолганлар ҳам бўлмади. Қонунга киритилаётган тузатишлар Россия президентига қуролли кучлардан “экстерриториал фойдаланиш” ҳуқуқини беришни таклиф қилади. Бу ҳуқуқ Россия иштирок этмайдиган хорижий судлар ёки халқаро суд органларининг қарорлари асосида ҳибсга олинган, ушлаб турилган ёки жиноий ёки бошқа таъқибга учраган Россия фуқароларини “ҳимоя қилиш” учун қўлланиши мумкин.
Қонун лойиҳаси Россия Мудофаа вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у фақат Россия иштирок этмайдиган ҳамда ваколати Россия билан халқаро шартнома ёки БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига асосланмаган судлар фаолиятига нисбатан татбиқ этилади.
Шу билан бирга, тушунтириш хатида ташаббус муаллифлари “Хавфсизлик тўғрисида”ги федерал қонунда президентнинг Россия фуқароларини ҳимоя қилишга оид шунга ўхшаш мажбурияти аллақачон назарда тутилганини тан олади. Ҳужжатда қайд этилишича, таклиф этилаётган ўзгартишлар “ушбу меъёрни ривожлантириш мақсадида” киритилмоқда.
Муаллифлар айнан қандай вазиятлар бундай чораларга олиб келиши мумкинлигини аниқлаштирмаган.
РБК агентлиги сўровида қатнашган ҳуқуқшунослар фикрича, гап айрим давлатлар ёки халқаро бирлашмалар ташаббуси билан жиноий таъқиб учун тузиладиган трибуналлар ҳақида кетиши мумкин.
“Коммерсант” нашри сўровида иштирок этган экспертлар эса бу ташаббус “соя флоти” кемаларини қўриқлашни қонунчилик жиҳатдан расмийлаштириш бўлиши мумкинлигини истисно қилмаган.
Мавзуга оид
22:32
Трамп Россия ва Хитойни «бутун дунёни портлатиб юбормаслик» учун ядровий келишувга чақирди
17:21
Саида Мирзиёева Михаил Мишустин билан иқтисодий ҳамкорликни муҳокама қилди
15:51
Россия ичкарисига дрон ҳужумлари билан Украина нимага эришяпти?
09:20