Жаҳон | 19:52 / 15.04.2026
5110
6 дақиқада ўқилади

Трамп ва Лев XIV баҳси. Воқеалар занжири

Бу тарих сунъий интеллект ясаган сурат билан бошланади ва шундай сурат билан якунланади. Биринчисида Трамп Рим папаси сифатида тасвирланганди, иккинчисида эса у ўзини Исо Масиҳга ўхшатди.

Evandro Inetti / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

2025 йил 3 май

АҚШ президенти Доналд Трамп вафот этган Рим папаси Францискка тутилаётган мотам фонида ижтимоий тармоқда ўзи католик черков раҳбари либосида тасвирланган ва сунъий интеллект орқали ишланган суратни жойлаштирди. Ундан бироз олдинроқ Трамп ўзини Рим папалигига сайлаш кераклигини айтиб, ҳазиллашганди.

2025 йил 8 май

Амалда эса америкалик Роберт Прево янги понтифик этиб сайланди ва Лев XIV номини олди. У Рим папалари орасида илк америкаликка айланди. Трамп буни бутун мамлакат учун улкан шараф деб атади. Шу куни маълум бўлдики, бўлажак папа бироз олдинроқ ижтимоий тармоқларда Трамп ва унинг миграция сиёсатини танқид қилганди.

2026 йил 9 январ

Лев XIV «Дунёдаги ҳолат ҳақида»ги анъанавий нутқида «кучга асосланган дипломатия»ни қоралади, Венесуэла суверенитетини ҳурмат қилишга чақирди ва қочқинларнинг ёнини олиб гапирди. Унинг бу чиқиши яқинда Венесуэла президентини ағдарган ва Миннеаполисдаги мигрантларга қарши рейдлар ўтказишга (бу кейинроқ икки киши ўлимига олиб келди) санкция берган Трампнинг манзилига қаратилган танқид сифатида қабул қилинди.

2026 йил 18 январ

АҚШ қуролли кучлари архиепископи Тимоти Бролио Трампнинг Гренландияни Даниядан куч билан тортиб олиш ҳақидаги таҳдидлари фонида BBC’га интервю берди. Бролио бу таҳдидларни қоралаган ва католик аскар учун «ахлоқий жиҳатдан шубҳали» бўлган буйруқларни бажаришдан бош тортиш «тўғри қарор бўлади» деган фикрни билдирди.

2026 йил 22 январ

АҚШ мудофаа вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Элбриж Колби Рим папасининг АҚШдаги элчиси (нунций), кардинал Кристоф Пиерни Пентагонга чақиртирди. Учрашув чоғида Колби ва унинг ҳамкасблари гўёки Пиердан Ватикан Трампнинг сиёсатини танқид қилишни бас қилишини талаб қилишган ҳамда 
Авинион асирлиги такрорланиши (XIV асрда қарийб 70 йил мобайнида папаларнинг қароргоҳи Римда бўлмасдан, Франциянинг Авинион шаҳрига кўчирилган. Бу давр Авиниондаги асирлик сифатида тарихда қолган, чунки католик черкови раҳбарлари француз монархлари назоратида бўлган) мумкинлигига ишора қилишган.

2026 йил 5 апрел

Лев XIV «Шаҳар ва дунёга» номли Пасха мурожаатномасида диндорларни «Худодан урушлар, нафрат ва бефарқлик билан азобланаётган дунёга тинчлик беришини сўраб илтижо қилиш»га чақирди. Бу эса АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши понтифик томонидан яна бир бор танқид қилиниши сифатида баҳоланди.

2026 йил 6 апрел

Трамп Худо АҚШнинг Эронга қарши урушдаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлаётганини айтди. АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет эса Эронда америкалик учувчини қутқариш операциясини Исо Масиҳнинг хочга михланиши, ўлими ва тирилиши билан таққослади.

2026 йил 7 апрел

Лев XIV АҚШдаги католикларни конгрессменлар билан боғланишга ҳамда Эронга қарши уруш тўхтатилишига эришишга чорлади. Трамп эса, аксинча, шу вақтда риторик эскалацияни кучайтириб, Эрон тамаддунини ер юзидан йўқотиб юбориш билан таҳдид қилди. Папа буни «мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган» ҳолат деб атади.

2026 йил 11 апрел

Авлиё Пётр соборида тинчлик учун ибодат пайтида понтифик «қудрат ҳақида янглишиш» ва «ўлим ҳақидаги суҳбатларга Худонинг муқаддас номини қўшиш»ни қоралади. «Ўзингга ва пулга сиғиниш етар. Ҳокимиятни кўз-кўз қилиш етар. Урушлар етар. Ҳақиқий куч ҳаётга хизмат қилишда намоён бўлади», – деди Лев XIV. Бу Рим папасининг Трампга нисбатан энг кескин сўзлари сифатида баҳоланди.

2026 йил 13 апрел

Трамп Рим папасига танқид ёғдирди ва ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ўзи Исо Масиҳ қиёфасида тасвирланган ва сунъий интеллект орқали ясалган навбатдаги суратни жойлаштирди. «Менга Эрон ядро қуролига эга бўлишини нормал деб ҳисобловчи папа керак эмас. Менга Американинг Венесуэлага ҳужум қилишини қораловчи папа керак эмас», – дея ёзган Трамп. Президент Лев XIV папа бўлиши Ватикандагилар Трамп билан яхши муносабат ўрнатишни истагани туфайлигина амалга ошганини айтиб, понтификни «радикал сўлларга хушомад қилиш»ни тўхтатиб, сиёсатга аралашмасликка чақирган.

Ярим кун ўтиб

Рим папаси тинчлик ҳақидаги ваъзлари билан ҳеч кимга ҳужум қилишга уринмагани, лекин бундай чиқишларини тўхтатмоқчи эмаслигини ва Трампдан қўрқмаслигини айтди. «Биз [Рим-католик черковида] ташқи сиёсатга у [Доналд Трамп] тушуниши мумкин бўлган нуқтайи назардан ёндашмаймиз», – деди понтифик.

Яна ярим кун ўтиб

Журналистлар Трамп Исо Масиҳ қиёфасида тасвирланган суратини ўчириб юборганини пайқашди. У АҚШдаги диндор консерваторларнинг танқидларидан кейин шу қарорга келган. Унинг папа билан баҳсларини Европадаги кам сонли иттифоқчиларидан бири, Италия бош вазири Жоржа Мелони ҳам қоралаб чиқди – у муқаддам Трампни бирор марта танқид қилмаганди. Трампнинг ўзи эса суратни нотўғри талқин қилишгани, унда ўзи Исо сифатида эмас, балки одамларни тузатувчи шифокор сифатида кўрсатилганини айтди.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид