Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чорвоқда чиқиндилар ноқонуний ташланишига қарши камералар ўрнатилмоқда
Чорвоқда чиқиндиларни ноқонуний ташлашга қарши рейдларда 100 дан ортиқ қоидабузарлик аниқланди. Иккита ноқонуний чиқиндихона бартараф этилган, 401 тонна чиқинди олиб чиқилган. Ҳудудда чиқиндиларни ноқонуний ва тартибсиз ташлашнинг олдини олиш мақсадида 10 та локацияда онлайн видеокузатув қурилмалари ўрнатилган, яна 40 та нуқтада шундай тизим жорий этиш режалаштирилган.
Фото: Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ туристик зонасида 10 апрелдан қурилиш чиқиндиларини ноқонуний ташлашнинг олдини олиш мақсадида текширув олиб борилмоқда. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, текширув Бош прокуратура, ИИВ, ФВВ, Миллий гвардия, экологик ва туризм полицияси ҳамда маҳаллий ҳокимликлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўтказилмоқда.
«Таҳлиллар кўрсатишича, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида қурилиш ишлари кўпаймоқда ва бу ўз навбатида қурилиш чиқиндиларининг белгиланмаган жойларга ноқонуний ташланиши билан боғлиқ муаммоларни юзага келтирмоқда. Хусусан, биргина Чорвоқ эркин туристик зонаси ҳудудида қурилишлар 2020 йилга нисбатан 10 бараварга ошгани натижасида лойиҳа эгаларининг қурилиш чиқиндиларини экологик меъёрларга риоя қилмасдан турли жойларга ноқонуний равишда ташлаб кетиш ҳолатлари ошган», – дейилади хабарда.
Дастлабки ўрганишлар кўрсатишича, 2020–2021 йилларда тумандаги икки чиқинди полигони рекультивация қилиниб ёпилган, ҳозирда чиқиндилар Паркент туманидаги полигонга олиб борилмоқда.
11–13 апрел кунлари ўтказилган рейдларда чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш билан боғлиқ 102 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Шунингдек, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш бўйича 19 ҳолат қайд этилган.

23 та махсус техника ёрдамида иккита ноқонуний чиқиндихона бартараф этилган, 401 тонна турли чиқиндилар махсус полигонларга олиб чиқиб кетилган.

Ҳудудда чиқиндиларни ноқонуний ва тартибсиз ташлашнинг олдини олиш мақсадида 10 та локацияда онлайн видеокузатув қурилмалари ўрнатилгани, яна 40 та нуқтада шундай тизим жорий этиш режалаштирилгани маълум қилинди.
Шунингдек, республика бўйлаб экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида «долзарб 10 кунлик» эълон қилингани қайд этилган. Унинг доирасида қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойларга ташлаш билан боғлиқ яна 11 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган.
Мавзуга оид
15:16 / 13.04.2026
Бўстонлиқ туманидаги «ноқонуний чиқиндихона» бартараф этилди
17:19 / 11.04.2026
Тошкентда ҳаво сифатини яхшилаш: иссиқхоналар Сурхондарёга кўчирилади
16:17 / 11.04.2026
Ўзбекистон ҳаво сифатини яхшилаш учун Қозоғистон билан ҳамкорлик қилади
12:23 / 09.04.2026