Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Наркотиклар энди виртуал маконда: халқаро ҳамжамият Самарқандда бирлашди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйлаб 300 миллионга яқин инсон камида бир марта гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиб кўрган. Энг хавотирлиси, ҳар йили бу иллат туфайли 600 мингдан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юммоқда. Бу рақамлар наркотиклар муаммоси аллақачон алоҳида давлатлар доирасидан чиқиб, глобал хавфсизлик ва жамоат саломатлигига жиддий таҳдидга айланганини яққол кўрсатади.
Айнан шу муаммолар фонида Самарқанд шаҳрида “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусида халқаро форум бошланди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги ҳамда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Форумда 50 га яқин давлат, 20 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар - жумладан, Европа Иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Жаҳон божхона ташкилоти вакиллари, шунингдек, 500 га яқин халқаро экспертлар иштирок этмоқда. Бу эса Самарқанд анжумани нафақат минтақавий, балки глобал мулоқот майдонига айланганини кўрсатади.

Форумни Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳамда БМТ вакили Бо Матиасен очиб берди.
Президент Шавкат Мирзиёев форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатида наркотиклар савдоси эндиликда анъанавий чегаралардан чиқиб, рақамли маконга кўчганини таъкидлади. Бугун жиноий гуруҳлар шифрланган алоқа воситалари, крипто-активлар ва оффшор молиявий схемалар орқали фаолият юритмоқда. Шу боис давлат раҳбари наркотрафикка қарши курашда энг самарали йўл сифатида унинг молиявий манбаларини йўқ қилиш зарурлигини илгари сурди.


Ўзбекистон ҳам бу борада тизимли чора-тадбирлар амалга оширмоқда. 2026 йилнинг биринчи чорагида яширин нарколабораториялар ва йирик уюшган наркожиноий гуруҳларни аниқлаш кўрсаткичлари 3 баробарга ошган. Фақат уч ой ичида 35 та уюшган гуруҳ фаолиятига чек қўйилиб, 8 нафар лидер ва 130 нафар аъзо қўлга олинган. 2025 йил давомида 14 та ноқонуний нарколаборатория аниқланган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки уч ойидаёқ бу кўрсаткич 10 тага етган.
Форум доирасида илк бор халқаро ёшлар саммити ҳам ташкил этилмоқда.

Тадбир доирасида замонавий технологиялар ва махсус жиҳозлар намойиш этилган халқаро кўргазма ҳам ташкил қилинди.

Форум якунида «Трансмиллий наркотаҳдидларга қарши кураш: жамоат саломатлиги ва хавфсизлиги» бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда. Ушбу ҳужжат халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ягона ёндашувларни шакллантириш ва наркотаҳдидларга қарши курашда янги босқични бошлаб беришга хизмат қилади.


Мавзуга оид
22:00 / 20.04.2026
Саида Мирзиёева Самарқандда трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш мавзусидаги халқаро форумда иштирок этди
21:35 / 20.04.2026
БМТ Бош котиби лавозимига тўрт нафар номзод кўрикдан ўтади
15:34 / 19.04.2026
Самарқандда халқаро форум ва ёшлар саммити ўтказилади
21:22 / 18.04.2026