Ўзбекистон | 09:00 / 22.04.2026
4736
2 дақиқада ўқилади

Айрим қарздорликлар соддалаштирилган тартибда ундирилади

Ўзбекистонда айрим турдаги қарздорликларни ундиришда соддалаштирилган тартибни қўллаш кўлами кенгайтирилди.

Қонун (ЎРҚ–1134-сон, 2026 йил 20 апрель) билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартишларга кўра, ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби энди қуйидаги қарздорликларни ундиришга нисбатан ҳам татбиқ этилади: почта ва (ёки) видеоконференцалоқа харажатлари, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик, кўп квартирали уйлар мулкдорларининг мажбурий бадаллари ёки тўловлари ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан ошмайдиган суммалар.

Шу билан бирга, қонунда давлат ижрочиси томонидан соддалаштирилган тартибда қўлланадиган мажбурий ижро чоралари ҳам белгиланди. Хусусан, ундирувни қарздор жисмоний шахснинг банк ҳисобварақларидаги маблағларига қаратиш, шунингдек, белгиланган миқдор доирасида иш ҳақи, пенсия, стипендия ва бошқа даромадларидан ушлаб қолиш мумкин.

Бироқ, янги қўшимчаларга кўра, мазкур мажбурий ижро чоралари айрим ҳолатларга, жумладан, видеоконференцалоқа харажатлари, коммунал хизматлар ва кўп квартирали уйлар бўйича мажбурий тўловларга нисбатан қўлланилмайди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид